Беларусда бўлажак сайловлар “АҚШдагидек эмас, балки адолатли” бўлади. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Марказий сайлов комиссияси раиси Игор Карпенко билан учрашувда айтиб ўтди, деб ёзмоқда “БелТА”.
Беларусь раҳбари 2024 йилда бўлиб ўтадиган сайловга кузатувчиларни таклиф этиш масаласига тўхталди.
“Кузатувчиларни таклиф қиладиган ташкилотлар қонун билан белгиланади, бизда яширадиган ҳеч нарса йўқ. Керакли вақтда, зарур деб билганимизда, кузатувчиларни таклиф қиламиз. Сайловлар қандай ўтишини кўришлари учун. Сайловни Америкадагидек ўтказяпмиз, деб биздан гина қилмасликлари учун. (АҚШда) сайловдан кейин одамларга қарата ўқ узишади, почта орқали сайловлар ўтказиб, кўп сохталаштиришлар бўлади. Буни кўриб турибмиз. Биз сайловларни ҳалол ўтказишимиз керак”, — деди Лукашенко.
Александр Лукашенко яширадиган ҳеч нарса йўқлигини таъкидлади.
“Бугунги кунда 80 фоизга яқин (овоз берувчи) биз белгилаган йўналишни сўзсиз қўллаб-қувватламоқда. Нега қўрқишимиз керак? Хўш, тараддуд кўраётган ва қарши бўлган 20 фоиз учун барибир курашамиз. Буни президент сифатида айтаман”, — деди у.
“БелТА” хабарига кўра, 2024 йилда Беларусда биринчи марта ягона овоз бериш куни бўлиб ўтади. Сайловлар нафақат парламент таркибини шакллантиради, балки фуқаролар турли даражадаги маҳаллий кенгашлар депутатларини ҳам сайлайди. Янгиланган Конституцияда ягона овоз бериш куни белгиланган. Бу февраль ойининг охирги якшанбасига тўғри келади. Шундай қилиб, биринчи ягона овоз бериш куни 2024 йил 25 февралда бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)