Ўзбекистонга аномал иссиқ кириб келмоқда. Жумладан, 16 июнь куни Термиз шаҳрида ҳаво +42,4 даража бўлди. “Ўзгидромет” директори Шерзод Хабибуллаевнинг огоҳлантиришича, 17–19 июнь кунлари республикада ҳарорат 45 даражагача кўтарилади.
Айни кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кўтарилишда давом этмоқда. Шерзод Хабибуллаевнинг хабар беришича, 17–19 июнь кунлари республика ҳудудлари бўйлаб ҳаво ҳарорати 40-41 даражагача, жанубда 42-45 даражагача кўтарилади.
“19 июнда шимолий ҳудудларга, 20 июнда республиканинг барча ҳудудларига Кавказдан нисбатан салқин ҳаво массаси кириб келади. Ҳаво ҳарорати 4-6 даражага пасаяди”, — деб ёзади у.
Гидрометеролог Эркин Абдулаҳатовнинг “Дарё”га маълум қилишича, бу йил июнь ойида нафақат иссиқ ҳарорат кузатилмоқда, балки ҳаводаги намлик ҳам юқори даражани кўрсатяпти.
“Авваллари чилла пайтида бўлган ёздаги аномал иссиқ яхшироқ эди. Чунки ёзда ҳаво қуруқроқ бўларди. Ҳозир тунда ҳарорат пасайиш ўрнига, кўтарилиб кетмоқда. Олдинлари ҳарорат кечаси 20 даражагача пасайиб, этни жунжитадиган ҳаво бўлган. Ҳозир эса ундай эмас. Чунки ҳаводаги намлик юқори. Иссиқлар ўзининг вақтида – чиллада бўлмаяпти. Илгари ёзда намгарчилик 20-30 фоизга ортган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 50 фоизгача кўтарилди. Бунинг оқибатида инсонлар организми қийналяпти.
Чилла деган нарса тобора йўқ бўлиб кетмоқда. Масалан, шу йилнинг апрель ойида Хоразмда +42 даража иссиқ ҳарорат кузатилди. Бу зарарли, албатта. Апрель – уйғониш даври. Ҳаво иссиқ бўлгани ҳисобига Хоразм ҳозир сув танқислигини бошдан кечиряпти. Аномал иссиқ зарарли бўлади. Ташқи муҳитдаги ўзгаришларга қараб, ўзимизнинг меъёрларимизни тезроқ ишлаб чиқишимиз керак. Бизда энг иссиқ ҳарорат июль ойида кузатилади. Лекин у пайтда ҳаводаги намгарчилик камроқ бўлади”, — деди мутахассис.
Маълумотларга кўра, бугун (16 июнь) Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ҳаво ҳарорати +42,4 даражагача кўтарилган. Эртага (17 июнь) Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳам ҳарорат 43 даражагача кўтарилиши прогноз қилинган.
Аввалроқ, қўшни Туркманистонда яқин кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиши кутилаётгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)