Россия Украина ва унинг қарши ҳужумига паст баҳо бермаслиги керак, деди Россия собиқ президенти ва амалдаги Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram-каналида.
Ҳозир Украина олинган маблағ ва қуролларни “оқлаш учун ҳужум қилишга мажбур”, деб ҳисоблайди Медведев. “Бироқ душман ва уни қўллаб-қувватлаётган Ғарб дунёси мамлакатимизни ер юзидан йўқ қилиш учун ҳамма нарсага тайёр”, — таъкидлади у. “Шунинг учун ҳозирда асосийси максимал даражада диққатни жамлаш ва муносиб жавоб беришдир”.
Унинг фикрича, Россия дастлаб Украина ҳужумини тўхтатиши, сўнг ўзиникини бошлаши керак.
Украина расмийлари сўнгги ойларда қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётганини бир неча бор эълон қилди. 5 июнь куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр Қуролли кучлар айрим ҳудудларда “ҳужум амалиётига ўтишни” бошлагани ҳақида хабар берди. У Бахмут йўналишини Украина армиясининг фаол ҳарбий ҳаракатлари маркази деб атади. Украина президенти Владимир Зеленский ҳам шу йўналишдаги ютуқларни маълум қилди.
Аввалроқ Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киевда қарши ҳужум учун етарлича қурол борлигини айтганди. Ҳужумда Украина Ғарбдаги иттифоқчилари томонидан тақдим этилган танклар, зирҳли техникалар ва артиллерия кўмагидан фойдаланади.
Изоҳ (0)