Тошкент вилояти Ихтисослаштирилган соматика шифохонаси томонидан 15–22 май кунлари бошланғич қиймати 500 миллион сўмлик шубҳали тендер ўтказилгани, унда ота ўғлига харидни ютишда ёрдам берган бўлиши ҳақида хабар қилинганди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳолатга муносабат билдирди.
Тасдиқланишича, шифохона буюртмачилигида 23 май куни ўтказилган 500 миллион сўмлик давлат харидида талабгор ва ғолиб деб топилган А.а.Э.С. МЧЖ раҳбари (Э.Б.О.)нинг отаси (У.О.Э.) ушбу шифохонада хўжалик мудири ва харид комиссиясининг аъзоси бўлган.
Аммо мазкур ҳолат харид комиссияси томонидан эътиборга олинмай, ноҳалол рақобат келиб чиққани ўрганилмаган ҳамда ҳолат бўйича танловни ўтказишни вақтинчалик бекор қилиш чоралари кўрилмаган.
Оқибатда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг:
- 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи);
- 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви);
- 19-моддаси (давлат буюртмачилари);
- 42-моддаси (иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш шартлари);
- ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг талаблари бузилишига ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига зид равишда харидда иштирок этган 2 нафар тадбиркорнинг ҳужжатлари ушбу шифохона ходими томонидан буюртмачининг харид комиссия раиси, котиби, аъзолари иштирок этган ва фойдаланган компьютер IP-манзили орқали электрон платформага юклангани маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 25 май куни харид комиссияси баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган.
Шунингдек, қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган. Ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига сўровнома киритилган.
Изоҳ (0)