Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги бозорда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги ва “Битирувчи” ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олганди. Бош прокуратуранинг маълум қилишича, йигитни ушлаган ички ишлар ходимларига хизмат текшируви ўтказилади.
“Ўзбекистон давлат байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигит билан боғлиқ ҳолат юзасидан ички ишлар ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш бўйича Қамаши туман прокуратураси томонидан тақдимнома киритилган. Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда”, — дейилади хабарда.
Қамаши туманидаги бозорда Ўзбекистон байроғи рангидаги ва “Битирувчи” ёзуви бўлган тасма таққан йигитни қўлга олгани акс этган видео тарқалганди. Бозорда навбатчилик қилаётган профилактика инспекторлари тасмали йигитни пайқаб, уни тўхтатиб, давлат рамзлари тўғрисидаги қонунга кўра, уни бу кўринишда тақиб юриш унга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланишини айтган ва тасмани олиб ташлашни сўраган.
Ҳолат юзасидан фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “тегишли моддалари”га кўра ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний тўхтамга келиш учун жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юборилган. Бош прокуратурага кўра, йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Идора аралашуви билан йигитга нисбатан қўлланилган ушбу ноқонуний қарор бекор қилиниши таъминланган.
Мазкур воқеадан кейин “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати тасмани таққан йигит иши бўйича тафсилотларни очиқлашга чақирди. “Фуқарога ноқонуний талаб қўйган, тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган ва жавобгарликка тортиш учун судга юборган ИИБ ходимлари ҳамда ноқонуний қарор қабул қилган суднинг ҳаракатларига қандай баҳо берилгани масаласи мавҳумлигича қолмоқда”, — дейилганди унда.
Изоҳ (0)