Тошкент шаҳри Олмазор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир ҳайдовчи тан жароҳати олди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 май куни соат 23:00 ларда Олмазор тумани Янги Олмазор кўчасида 37 ёшли Б.С. бошқарувида бўлган Nexia-2 русумли автомашинаси ҳамда 39 ёшли Х.Ш. бошқарувида бўлган Mercedes-Benz русумли транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, қурилиш бўлаётган ҳудудда ишлаётган транспорт воситаси автомобиль йўлига чиқиб қолган ва бошқа ҳайдовчиларни бундан огоҳлантирувчи бирор белги ўрнатилмаган.
ЙТҲ оқибатида Nexia-2 русумли автомашина ҳайдовчиси тан жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатлар
7 май куни Тошкентнинг Олмазор туманида йўловчи автобуси ва Cobalt иштирокида ЙТҲ юз бергани, ундан олдин Қашқадарёда икки машина тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, Тошкентда бошқарувни йўқотган Cobalt ағдарилиб, ёниб кетгани, Хоразмда юқори тезликда ҳаракатланиб, дарахтга урилган Spark йўловчиси ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)