Ўзбекистон байроғидан фойдаланишдаги айрим чекловлар бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда ЎзЛиДеП лидери Актам Ҳайитов маълум қилди.
Унинг билдиришича, 18 ноябрь — Ўзбекистон байроғи қабул қилинган куни Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суриб, муҳокама ташкил этиш ва депутатлар орасидан ишчи гуруҳи тузиш кўзда тутилмоқда.
Актам Ҳайитов байроқ Ўзбекистон суверенитетининг рамзи эканини қайд этиб, байроқнинг кундалик ҳаётда доимий ҳамроҳга айланиши давлатда яшовчи барча миллат ва элат вакилларини жипслаштиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, депутатлар сайловчилар билан ўтказган учрашувларида байроқдан фойдаланишда айрим чекловлар мавжудлигини очиқ, ошкора айтишмоқда. Давлат байроғи тўғрисидаги қонунни давр талабига мослаштириш, байроқдан фойдаланиш борасида қонун нормаларини янада либераллаштириш лозимлиги билдирилмоқда.
Депутат Расул Кушербаевнинг аниқлик киритишича, қонун лойиҳасида давлат байроғидан фойдаланишдаги чекловларни олиб ташлаш, фуқароларнинг эркин фойдаланиши, эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.
«Оддий айтганда, бу ўзгаришлардан кейин фуқаролар ҳам байроғимизга ҳурмат сақлаган ҳолда ўз хонадонларига ҳам илиш, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкин бўлади. Бу орқали байроқ бўйича мавжуд чекловлар учун белгиланган жазо масаласини ҳам қайта кўриб чиқишга тўғри келади», — деган депутат.
Изоҳ (0)