“Вагнер” хусусий ҳарбий кампанияси асосчиси Евгений Пригожин ёлланма жангчилар Бахмутдан кетмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
Пригожиннинг сўзларига кўра, 7 майга ўтар кечаси “Вагнер” бутун уруш давридаги биринчи жанговар буйруқни олди. Ёлланма аскарларга зарур миқдорда ўқ-дори ва қурол-яроғ ваъда қилинган.
“Бизга кейинги ҳаракатларни давом эттириш учун қанча керак бўлса, ўқ-дорилар ва қуроллар ваъда қилинди. Улар бизга ҳамма нарса етказиб беришга қасамёд қилмоқда, бу Украина қўшинлари бизни ўлдирмаслиги учун зарур. Биз Артемовскда (Бахмутда) ўзимиз хоҳлаганча фаолият олиб борамиз”, деди Пригожин.
“Вагнер” раҳбарининг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги генерал Сергей Суровикинни вазирлик ва ёлланма аскарлар ўртасида воситачи сифатида ҳам тақдим этган.
“Бу жанг қилишни биладиган армия генерали юлдузига эга бўлган ягона одам. Бундай юлдуз билан бирорта ҳам ақлли одам йўқ”, — дея қўшимча қилган Пригожин.
“Вагнер” асосчисининг Бахмутдан ёлланма аскарларни олиб чиқиши баёноти
“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин снарядлар йўқлиги сабаб жангчиларининг Бахмутдаги позициясини 10 май куни Россия Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топширишини маълум қилди.
“Мен ‘Вагнер’ бўлинмаларини Бахмутдан олиб чиқиб кетаман, чунки ўқ-дорилар йўқлиги сабаб улар маънисиз ўлимга юз тутмоқда”, — деган Пригожин Россия президенти, ҳарбий қўмондонлиги ва халқига йўллаган мурожаатида.
5 майга ўтар кечаси Пригожин матбуот хизмати “Вагнер” раҳбари ёлланма жангчилар жасадлари олдида Россия ҳарбий раҳбариятини сўккани, ўқ-дорилар етказиб берилишини талаб қилгани тасвирланган видеони эълон қилганди.
Россия мудофаа вазири Пригожиннинг мурожаатидан кейин қурол-яроғ таъминотини “алоҳида назоратга олиш”ни буюрган.
“Вагнер” қандай гуруҳ?
Кўплаб Ғарб ОАВлари “Вагнер” гуруҳи тўғридан тўғри Владимир Путинга бўйсунишини ёзади. Унинг ёлланма жангчилари болаларни ўлдириш, аёлларни зўрлаш ва қийноққа солиш, шунингдек, шафқатсиз қотилликларда айбланиб келади.
“Конкорд” компанияси эгаси бўлган Евгений Пригожин 2016 йилдан буён АҚШ, 2020 йилдан буён эса Евроиттифоқ санкциялари остидадир. Вашингтонда у Интернет тадқиқотлари агентлиги (троллар фабрикаси) ва “Вагнер”ни назорат қилишда айбланган.
У “Вагнер”га алоқадорлигини кўп марта рад этган ва бундай айбловлар сабабли судлашган, аммо 2022 йил сентябрида у “Вагнер” асосчиси эканини маълум қилди. Ташкилотни 2014 йилда, унинг сўзларига кўра, “Донбассда рус халқига нисбатан геноцид” бошланган вақтда тузган.
Изоҳ (0)