Ўзбекистонда ташқи савдони эркинлаштириш бўйича навбатдаги муҳим қадамлар қўйилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқида маълум қилди, деб хабар беради президент матбуот котиби.
Жумладан, инвесторлар учун зарур бўлган 7 мингдан зиёд хом ашё ва товарларга божхона божлари бекор қилинди. Божхона ҳудудида қайта ишлашнинг соддалашган тартиби жорий этилди.
Ташқи савдо ва рақобат муҳитини янги босқичга олиб чиқиш, янги-янги бозорларга кириш мақсадида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш борасидаги ишларни жадаллаштирди.
“Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, Жаҳон савдо ташкилоти талаблари ислоҳотларимиз мазмунига тўла мос ва биз ушбу нуфузли ташкилотга тезроқ аъзо бўлиб киришдан манфаатдормиз”, — деди президент.
Қайд этилишича, ҳозир аъзо мамлакатлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти қоидалари билан уйғунлаштириш қизғин босқичда.
2022 йилнинг декабрида Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини янада жадаллаштириш бўйича келишувга эришилган эди. Шу йилнинг мартида ҳам Женевада Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш масаласи кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)