First Republic Bank акциялари 49,38 фоизга арзонлашди. Бу банк акциялари савдоси тарихидаги энг паст кўрсаткичдир. Бу ҳақда CNBC хабар бермоқда.
Биринчи чоракда First Republic Bank’нинг мижозлари 100 миллиард доллардан ортиқ депозитларни олиб қўйгани ҳақида хабар берилганидан кейин бу пасайиш бошланди.
Бу маълумотлар ортидан инвесторларнинг банкка бўлган қизиқиши тушиб кетди. Банк акциялари йил бошидан бери 93 фоизга арзонлашди.
Ҳисоботга кўра, First Republic Bank депозитлари биринчи чорак охирида 40 фоиз — 104,5 миллиард долларгача қисқарди. 2022 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, у 176,4 миллиард долларни ташкил этди.
Банк пресс-релизда депозитларнинг катта миқдорда чиқиб кетишидан сўнг, банк ўз балансини қайта мувозанатлаш учун “стратегик вариантларни кўриб чиқаётганини” билдирди.
Кейинги бир неча кун First Republic Bank’нинг келажаги учун жуда муҳим, чунки бошқа банклар ва федерал амалдорлар банкни барқарорлаштириш учун ечимлар изламоқда.
Bloomberg хабарига кўра, First Republic Bank 50 миллиард доллардан 100 миллиард долларгача бўлган активларни (узоқ муддатли қимматли қоғозлар ва ипотека) сотишни режалаштирмоқда. Шундай қилиб, банк балансни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.
First Republic Bank’даги депозитларнинг чиқиб кетиши 2023 йил март ойида АҚШдаги банклар қулаши туфайли бошланди.
Аввалроқ АҚШ банкларининг кредитлари 105 млрд долларга камайгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)