Латвияда 9 май куни Европа кунига бағишланган тадбирлардан ташқари ҳар қандай оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланди. Бу ҳақда маҳаллий нашр хабар берди.
Тегишли қонун Латвия Сейми томонидан икки ўқишда қабул қилинди. Бунгача депутатлар 9 майни Украинадаги урушда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар учун Хотира куни деб эълон қилиши мумкинлиги тахмин қилинганди, аммо якунда бошқача қарор қабул қилинди.
“Қонуннинг мақсади давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, тартибсизликларнинг олдини олиш, жамият саломатлиги ва маънавиятини ҳимоя қилишдир. Бундан ташқари, қонун Латвиянинг демократик ва миллий давлат сифатидаги қадриятларига таҳдид ва камситишнинг, жумладан жамиятнинг бўлиниши, уруш, ҳарбий босқинчилик, тоталитаризм ва зўравонликни улуғлаш, шунингдек, тарихий воқеаларни бузиб кўрсатишнинг олдини олишга қаратилган. Қарор Украина халқи билан бирдамлик белгиси сифатида ҳам қабул қилинди”, — дейилади хабарда.
Янги қонунга кўра, 9 май куни мамлакатда пиротехника воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, байрам ва кўнгилочар тадбирлар, кортежлар, йиғилиш ва пикетлар ўтказиш тақиқланади.
Изоҳ (0)