Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммаднинг айтишича, икки ҳафтадан сўнг БМТ раҳбари Антониу Гутерриш мамлакатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари билан учрашув ўтказади. Бу ҳақда “Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири хабар берди.
АҚШнинг Принсетон университетида бўлиб ўтган анжуманда Амина Муҳаммад “Толибон” билан ўзаро алоқа ўрнатиш зарурлигини таъкидлади ва “Толибон”ни тан олиш ушбу ҳаракат аъзоларига масъулиятлироқ бўлишга ёрдам беришини айтди.
“Умид қиламизки, ушбу учрашувда принциплар ва шартларга асосланиб, ‘Толибон’ни тан олиш йўлида дастлабки қадамлар аниқланади”, — деди Муҳаммад Амина хоним:
Унинг қўшимча қилишича, “Толибон” дунё миқёсида тан олинишига қаттиқ интилмоқда, бу эса ҳаракатга таъсир ўтказиш учун қўл келади. БМТ вакилига кўра, бу учрашув ташкилот бош котибининг Афғонистон бўйича минтақа ва дунё мамлакатлари вакиллари билан илк учрашуви бўлади.
Аминанинг таъкидлашича, “Толибон” билан алоқа ўрнатмаслик уларнинг “ёмонроқ қарорлар” қабул қилишига сабаб бўлади, дунё давлатлари эса “Толибон” ҳукуматининг кучсизлиги туфайли Афғонистонда яна кўпроқ нотинчликлар юз беришини истамайди.
“Толибон”га коронавирус каби муносабатда бўлишингизни сўрар эдим, биз уларнинг нима қилмоқчилигини олдиндан билмаймиз”, — қўшимча қилди Амина Муҳаммад.
БМТ вакилининг ушбу сўзлари Афғонистонда салбий кутиб олинди.
18 апрель куни БМТ агар “Толибон” аёл ходимларга ушбу ташкилотда ишлашга рухсат бермаса, Афғонистонни “тарк этиши” ҳақида огоҳлантирган эди.
Изоҳ (0)