Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилояти маркази Мозори Шариф шаҳридаги мева ва ширинликлар бозори Рамазон ҳайити арафасида ҳар доимгидан гавжумлашди. “Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири тушунтиришича, у ерда Рамазон ҳайити “қуруқ мева байрами” ҳам деб аталади, чунки бу байрамда қуруқ мевалар сотуви яхши бўлади.
Аммо мухбир билан суҳбатлашган сотувчилардан айримлари бу йилги савдо аввалги йилларга нисбатан камайганини айтишди. Бунга мамлакатда давом этаётган иқтисодий инқироз, қашшоқлик ва ишсизликнинг кенгайиши сабаб бўлмоқда.
Дўкондорларнинг айтишича, “қуритилган мевалар ўтган йилларга нисбатан арзонлашган бўлса-да, уни сотиб олишга одамларнинг қурби етмаяпти”.
Ҳозир Мозори Шариф бозорида бир килограмм бодом 5 доллардан 11 долларгача, афғон пистасининг килограмми 7 доллар, Эрон пистаси эса 11 доллардан сотилмоқда.
Худди шундай, бир килограмм майиз 3 доллардан 4 долларгача, маҳаллий нўхотнинг килоси 2 доллардан, Эрон нўхотининг килоси 4 доллардан сотилмоқда.
Ўзбек кунжутли печенесининг килоси 2,5 доллар турибди. Сотувчилардан бири маҳсулотларининг кўп қисмини Ўзбекистондан олиб келишини айтди.
Мозори Шарифдаги қуруқ мева сотувчилардан яна бири, рўзғор тебратиш учун мактабни ташлаган Али Сино “Дарё” мухбирига шундай деди: “Қуруқ меваларнинг нархи ўтган йилларга нисбатан арзон, лекин одамлар меванинг нархини сўрайди, холос, сотиб олишмайди. Хавфсизлик яхшиланса, афғонистонликларнинг кўпчилиги ватанига қайтиб, меҳнат бозори ҳам гуллаб-яшнаши мумкин”.
Айрим сотувчилар эса шаҳар хавфсизлигидан, қуруқ мева ва ширинликлар сотувидан мамнун эканини билдирган.
Аввалроқ “Дарё” жамоаси Марказий Осиё ва Афғонистондаги асосий маҳсулотлар, яъни гуруч, пиёз, картошка, сабзи ва помидор нархини солиштирган эди.
Изоҳ (0)