Украина Мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Будановнинг айтишича, Америка разведкаси ва Пентагоннинг махфий ҳужжатлари ошкор қилиниши Украина қўшинларининг қарши ҳужумига таъсир қилмайди. Бу ҳақда у Американинг ABC News телеканалига берган интервьюсида айтди.
“Агар муаммо бўлса, у ҳал қилинади. Ҳеч қандай муаммо бўлмаса, ундан ҳам яхши. Бу ҳужум операцияларининг чинакам натижаларига таъсир кўрсата олмайди”, — деди Буданов.
Унга кўра, махфий ҳужжатларнинг тарқалиб кетиши Украина ва иттифоқчилари ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмайди.
Интервьюда Кирилл Буданов ҳужжатларнинг сизиб чиқишидан фақат Россия томони фойда кўрганини ҳам айтди.
Сўнгги ҳафтада интернетда АҚШ разведкаси ва мудофаасига оид бир қатор махфий ҳужжатлар эълон қилинди, уларда жумладан, Украина ва Россия қўшинларининг ҳолати ҳақида баён қилинган. 13 апрель куни АҚШ расмийлари ҳужжатларни сиздиришда гумон қилиб, ҳарбий-ҳаво кучларининг 21 ёшли ходими Жек Тейшейрани ҳибсга олди. Йигитнинг дўстлари у уруш бошланганидан бери махфий ҳужжатларни улашиб келганини айтишди.
12 апрель куни Washington Post газетаси Украина об-ҳаво шароити, ускуналар етказиб беришнинг секинлиги, ўқ-дорилар тақчиллиги ва махфий ҳужжатларнинг эълон қилиниши туфайли баҳорга режалаштирилган қарши ҳужумни кейинга қолдиргани ҳақида ёзди. Украина бош вазири Денис Шмигал қарши ҳужум ёзда бошланиши мумкинлигини айтган.
Изоҳ (0)