Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида истеъмолга яроқсиз 200 кг мол гўштини сотмоқчи бўлган шахс ушланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан ИИБ ва ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.
Фуқаро А.Н. инсон соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 200 кг мол гўштини фуқаро Ж.Р.га 9 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 118 кг гўштни Nexia русумли автомобилида Гулистон шаҳридаги “Янги бозор” автотураргоҳига олиб келиб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)