Шавкат Мирзиёев томонидан 13 апрель куни имзоланган “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан қурилиш ташкилотларига қатор имтиёзлар берилди.
Ҳужжатга кўра, қурилиш ташкилотларига кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун 18 ойгача муддатга 14 фоиз ставкада кредитлар ажратилади.
Пудрат ташкилотларига қурилаётган уй-жойларни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар битта қават учун кредит олиш ҳуқуқи берилди. Ҳозирги кунга қадар уй томи ёпилганидан кейин уни гаровга қўйиш ва кредит олиш мумкин эди.
Банклар ўз ҳисобидан берадиган кредитларини давлат томонидан қайта молиялаштириш амалиётини давом эттиради. Бунда, қуриб битказилмаган уйни сотиб олиш учун фуқаро банкдан 24-26 фоиздан кредит олади ва уй битгунига қадар (1-2 йил давомида) тўловларни ушбу фоиздан амалга оширади. Уй битганидан кейин ушбу кредит давлат томонидан қайта молиялаштирилиб, 18 фоизлик кредитга айланади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартиби узайтирилди. Бунда, компенсация — ҳар бир уй-жой учун кредитнинг 5 миллиард сўмидан, кафиллик — 2,5 миллиард сўмидан ошмаган миқдорига берилади.
2025 йил 1 январга қадар юқори маркали цемент, арраланадиган ёғоч, фанера, тахтадан ясалган опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божининг нол ставкаси қўлланилади.
Изоҳ (0)