XVIII асрда мусиқа сарой бастакорлари томонидан яратилган ва асосан зодагонларнинг кўнгилхушлиги учун мўлжалланган, шу боисдан мусиқачилар уларнинг таъбига ёқадиган, “синалган” куйларни танлашни маъқул кўрган. Уларнинг аксарияти ўзининг шахсий композициясини яратиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳунарманд сифатида қолган. Сарой мусиқачиларининг тақдирига кўнмоқликни истамаганлардан бири Людвиг ван Бетховен эди. Буюк француз инқилоби ғояларини қўллаб-қувватлаган бастакор ўзини озод ҳис қилган ва санъат орқали гуманистик ғояларини ифодаловчи мусиқаларни яратган. Ҳатто эшитиш қобилиятини йўқотганида ҳам унинг ижодий камолотига путур етмаган. Буюк мусиқачининг тақдири қандай кечган эди? “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида даҳо бастакорнинг омадсиз тақдири ҳақида ҳикоя қилади.
Бўлажак бастакор 1770 йил 16 декабрь куни Боннда, сарой қўшиқчиси тенор Иоганн ван Бетховеннинг кўп фарзандли оиласида дунёга келган. Бобоси Людвиг кучли басга эга бўлиб, сарой капелмейстери лавозимида ишлаган.
Қўшиқчилар оиласида дунёга келган боланинг тақдири белгилаб берилганди. Людвигнинг биринчи устози ўз отаси бўлиб, у ўғлини иккинчи Моцартга айлантириш орзусида бўлган. Тўрт ёшли бола кунига 6 соатлаб клавесинда машқ қилган, отаси буюрган вақтда эса кечаси билан машғулотларини тўхтатмаган. Людвиг худди Моцарт каби даҳоликка даъвогарлик қила олмасди, аммо унинг мусиқа борасида иқтидори мавжуд бўлган. Ушбу иқтидорини мусиқа бўйича биринчи ҳақиқий устози — композитор Кристиан Готлоб Нефе ривожлантирган.
Бобосининг ўлимидан кейин оиланинг моддий аҳволи ёмонлашади. Людвиг мактабни ташлашга мажбур бўлган, бироқ бу вақтга қадар у лотин, италян ва француз тилларини ўрганишга улгурган эди, кўп китоб ўқир, айниқса, Гомер ва Плутархни, шунингдек, замонавий шоирлар — Уильям Шекпир, Гёте, Фридрих Шиллерни яхши кўрарди.
Людвиг илк бор омма олдида 1778 йил 26 март куни саккиз ёшида чиқиш қилади. Отаси болани Кёльнга олиб келиб, ўғлининг ноёб иқтидор соҳиби эканини қайд этиш мақсадида у олти ёшда эканини айтади. Ёш мусиқачи отасининг сўзларига ишонган ва шундан буён ўзини 1,5 ёш кичик ҳисоблаб келган: шахсини тасдиқловчи ҳужжатни чақалоқлигида ўтиб кетган акасига тегишли деб ҳисоблаган.
Бетховен 12 ёшида ўзининг биринчи асарини эълон қилади. Клавишли мусиқа анжомлари учун мўлжалланган ушбу жамланма охир-оқибат уни тарихдаги энг машҳур пианиночига айлантиради. Бастакорнинг ёшлигида яратган мусиқалари орасида учта болалар сонатаси ва бир нечта қўшиқ, жумладан, “Суғур” ҳам бор. 14 ёшида Людвиг оиласини моддий таъминлаш учун сарой капелласидаги орган ёрдамчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлади.
1787 йилда Бетховен Венага ташриф буюриб, Моцарт билан учрашади. Унинг импровизациясини тинглаган Моцарт бақириб юборган: “У барчани ўзи ҳақида гапиришга мажбур қилади!”. Ўша йили Людвигнинг онаси вафот этади, отаси эса ичкиликка ружу қўя бошлайди. Йигитча Боннга қайтиб, сарой оркестрига алт чалувчи созанда сифатида ишга киради ва укаларини ҳам қарамоғига олади.
Тез орада Бетховеннинг ҳомийлари — Бреунинглар оиласи пайдо бўлади, бастакор уларнинг қизи Лорхенга мусиқадан дарс берган. Уларнинг ёрдами билан Людвиг мусиқий йиғинларда қатнашган, салонларга борган ва улардан шу қадар миннатдор бўлганидан умрининг охирига қадар оила билан, айниқса, Лорхен ҳамда унинг турмуш ўртоғи билан муносабатларни узмаган.
Моҳир бастакорга айланиш
1792 йил ноябрда Бетховен Бонни тарк этиб, Венага — Европанинг энг йирик мусиқий марказига йўл олади. Бу ерда у Гайдна, Шенка, Албрехцбергер ва Салерида контрапункт (мусиқа назариясининг кўп овозлилик принциплари ҳақидаги бўлими) ва композициядан дарс олган. Людвиг ўзининг ўжарлиги билан ажралиб турар, бироқ тиришқоқлик билан ўқир ва меҳнатлари натижасида барча устозларининг олқишига сазовор бўларди. Биринчи ва охирги узоқ давом этган гастролида (1796 йили) у Прага, Берлин, Дрезден, Братислава аҳлини ўзига ром этади. Кўплаб мусиқа шайдолар унга ҳомийлик қилиш истагини билдиради. Салонларда илк бор Бетховен сонаталари, трио, квартетлари, кейинчалик симфониялари янграй бошлайди. Аммо Бетховеннинг хулқ-атвори ўз даври учун ақл бовар қилмас даражада эди. Кибрли ва мустақил йигит ўзини камситган бирор инсонни кечирмасди. Уни ҳақорат қилган бадавлат инсонга айтган сўзлари афсонага айланиб кетган: “Князлар бўлган ва яна минглаб бўлади, Бетховен эса ягона”.
Дарс беришни хушламаган Бетховен Черни ва Рис каби ўқувчиларига фортепианодан машқ ўтган. Уларнинг иккиси ҳам Европада машҳурлика эришган. Фердинанд Рис — боннлик капелмейстер, Бетховенлар оиласи дўстининг ўғли бўлиб, у Венага 1801 йилда келган. Бу вақтда шогирдининг ўзи мусиқий анжомлардан фойдаланиб, бастакорлик қилган. Бир сафар Бетховен унга эндигина якунлаган адажиосини (секин, шошмасдан, чўзиб ижро этиладиган мусиқий асар) ижро этиб беради. Мусиқа йигитчага шу қадар ёқиб қоладики, княз Лихновскийнинг олдига келганида шуни ижро этиб беради. Княз бўлса мусиқанинг бошланиш қисмини ёдлаб олади ва бастакорнинг олдига ташриф буюрганида ўзи ёзган куйни ижро этиб бермоқчилигини айтади. Бетховен бу Риснинг найранги эканини тушуниб, ғазаб отига минади. Шундан сўнг у ўқувчисига янги ёзган куйларини эшитишни тақиқлаган ва унга бошқа ҳеч қачон бирор мусиқани чалиб бермаган.
Рис билан бир вақтда Бетховен Карл Чернига ҳам устозлик қилган. У Бетховен шогирдлари орасида энг ёши эди: болакай 9 ёш бўлса-да, концертлар бериб келарди. Черни Бетховен қўлида 5 йил таълим олган, шундан кейин бастакор унга “ўқувчининг муваффақиятлари ва унинг мусиқий хотирасидан ҳайратлангани” ёзилган ҳужжатни топширган. Чернинг хотираси ҳақиқатда феноменал эди — у ўз устозининг фортепиано учун мўлжалланган барча мусиқаларини ёддан билган.
Кейинчалик Чернинг ўзи 1,5 йил Ференс Листга мураббийлик қилади. Унинг муваффақиятлари шу қадар улкан эдики, устози унинг омма олдида чиқишларига рухсат берган. Концертига эса Бетховен ҳам ташриф буюрган. У боланинг иқтидорига тан бериб, пешонасидан ўпиб қўйган. Лист бутун умр буни унутмаган. Рис ҳам, Черни ҳам эмас, балки айнан Лист Бетховенга хос роялда бутун оркестр каби куй чалиш услубини эгаллаган. Европа бўйлаб гастроллари давомида Ференс Бетховеннинг нафақат фортепиано учун мўлжалланган мусиқалари, балки роялга мослаштирилган симфонияларини ижро этиб, унинг ижоди тарғиботи билан шуғулланган.
Доротея Эртман — Германиянинг энг машҳур пианиночиларидан бири ҳам Бетховеннинг шогирди эди. У устозининг мусиқаларини маҳоратли ижро этгани билан танилган. Бастакор 28-сонатасини айнан унга бағишлаган.
Бетховен Венадаги ҳаётининг биринчи йилидаёқ омма меҳрини қозонади. Людвиг баланд регистрлардан (у вақтда асосан ўртача ишлатиларди), тепкидан кенг фойдаланган, массив аккорд товушларни ишлатган. Умуман олганда, айнан у клавесинлар ижросига хос бўлмаган фортепиано услубини яратган.
Бетховен дўстликни жуда қадрлаган ва дўстларининг бирор нимага муҳтожликда яшашига йўл қўймаган. У доим бир бурда нони бўлса ҳам дўстлари билан бўлишган, агарда пули қолмаса, столга ўтириб, ишлашни бошлаган.
Людвиг Бетховен — 4 минг флорин миқодирида нафақа тайинланган биринчи мусиқачидир, чунки шаҳарнинг бадавлат инсонлари унинг Венадан Францияга қайтиб кетишини истамаган, чунки у ердан Наполеоннинг укасидан таклиф келганди.
Бастакорнинг шахсий ҳаёти
Бастакорнинг шахсий ҳаёти сирларга тўла, унинг атрофида аёллар доим кўп бўлган. Бахтга қарши Бетховен бошқа синфга мансуб қизни яхши кўриб қолади. 1801 йилда Венада графиня Жулетта Гвиччарди унга шогирдикка тушади. Бастакор ўзининг машҳур “Ой сонатаси”ни шу қизга бағишлаган. Бироқ графиня граф Галленбергга тушмушга чиқиб кетади.
1804—1810 йиллар давомида бастакор граф Йозеф Деймнинг беваси Жозефина Брунсвикка нисбатан оташин муҳаббатни бошидан ўтказган. Жозефина унинг ғамхўрлигини қабул қилган, мактубларига жавоб қайтарган. Людвиг севгилисига 15 та мактуб ёзган, аммо оиласининг талаби билан Жозефина тез орада у билан муносабатларини узади. Агарда аёл аристократ бўлмаган инсон билан турмуш қурганида фарзандлари билан мулоқот қилиш ва уларнинг тарбияси билан шуғулланиш имкониятидан маҳрум бўларди. 1810 йилда Жозефина яна турмушга чиқади, бу сафар барон Штекелбергга, Бетховен бўлса баронесса Тереза Малфаттининг қўлини сўрайди. Аёл мусиқий иқтидорга эга эди: роялда ажойиб куйлар чалган, қўшиқ айтган ва ҳатто дирижорлик қилган. Аммо уйланиш борасидаги мазкур уриниш ҳам омадсиз кечади.
Людвиг Бетховен учун шахсий ҳаёт қуришнинг сўнгги илинжи Гётенинг дўсти, немис ёзувчиси Беттина Брентано бўлади. Бу борада ҳам бастакорнинг омади чопмайди: 1811 йилда у ёзувчи Ахим фон Арнимга турмушга чиқиб кетади. Оилавий бахт буюк бастакорни четлаб ўтаётган эди.
Архивларда Бетховеннинг “Боқий маҳбуба”сига аталган учта мактуби сақланади, бироқ унинг исми кимлиги ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда. Бастакор кўплаб аёлларни севиб қолавергани боис биографлар унинг ким бўлганини аниқ айта олмайди.
“1801 йил, 6 июль тонги Фариштам менинг, ҳаётим менинг, иккинчи меним — бугун сенга бир нечта сўз битмоқдаман, шунда ҳам қаламда (сен берган) — эртадан ўзимга квартира қидиришим керак; ҳозирги вақтда бу нақадар ноқулай. Нега бу муқаррарлик олдидан чуқур қайғу? Ахир севги қурбонлик ва фидойиликсиз яшаши мумкинми; мен бутунлай сенга, сен эса менга тегишли бўла олишинг мумкин, эй Худойим! Атрофидаги ажойиб табиатдан муқаррарликка кўникиш учун кўмак ва куч изла. Севги барча нарсани талаб қилади ва у бунга ҳақли; бу борада мен ҳам сенинг ҳиссиётларингни бошдан ўтказмоқдаман; фақат сен мен икки киши учун яшашим кераклигини осонликча унутиб қўймоқдасан — ўзим ва сен учун; агарда биз бирлашсак, ҳеч биримиз азоб чекмаган бўлар эдик. Саёҳатим жуда ёмон ўтди: бу ерга кеча тонгги соат тўртда етиб келдим; отлар жуда кам бўлгани сабаб почта бошқа йўлдан юрди, нима учун йўллар бунча ёмон! Сўнгги станцияда менга тунда ҳаракатланмасликни маслаҳат бердилар, ўрмонда учраши мумкин бўлган хатарлардан огоҳлантиришди, аммо бу мени янада қизиқтириб қўйди; бироқ мен ноҳақ бўлиб чиқдим: экипаж бундай даҳшатли йўлда бузилиб қолиши мумкин эди; бундай чуқурларга тушмаганимизда, йўлнинг ўртасида қолиб кетишга тўғри келарди. Эстергази саккизта отда бошқа, одатдаги йўлдан юрибди, лекин у ҳам мен учраган кўнгилсизликларга дуч келган; доимгидек машаққатларни енгиб ўтиб, ўзимдан қониқиш ҳосил қилдим. Кел буни қўя турайлик, бошқа нарса ҳақида гаплашамиз. Тез орада кўришиб қолсак керак; ҳаётим борасида якуний қароримни бугун сенга айта олмайман; юрагимиз бир жойда урганида, балки бу ишни қилмаган бўлардим. Қалбим сенга айтмоқчи бўлган гапларимга тўлиб кетди. Шундай пайтлар бўладики, баъзан тилимиз кучсиздек туюлади. Кўнгилхушлик қил, олдингидек менинг ягонам, хазинам бўлган, худди мен сеники бўлганим каби, бизга боғлиқ қолган ишларга эса худолар жавобгар. Сенинг содиқ Людвигинг”
Бастакорнинг буюк мероси
26 ёшидан бошлаб Бетховенда эшитиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўла бошлайди ва бу кейинги 20 йил давомида уни азобга солади. Бундан ташқари, касаллигига боғлиқ шовқинлар уни кун-у тун қийнаб келган.
Фердинанд Риснинг эслашича, 1809 йилда Наполеон қўшинлари Венани бомбардимон қилганида Бетховен портлашлар овозидан эшитиш қобилиятини йўқотиб қўймаслик учун уйининг ертўласига тушиб, қулоқларини ёстиқ билан беркитиб олган.
1813—1815 йилга келиб Людвиг тўлиқ куч билан ишлаёлмай қолади ва бутунлай эшитиш қобилиятини йўқотади. Аммо шундай ҳолатда ҳам у таслим бўлмаган. Ноталарни “эшитиш” учун у ингичка ёғоч таёқчадан фойдаланган: унинг бир учини тишлаган, нариги учини эса мусиқий асбобнинг олд қисмига ўрнатган. Вибрация сабаб у қандай овоз чиқаётганини ҳис қилган. Бастакор ҳаётининг шу даврида яратилган ижод намуналари трагизм ва фалсафий маънога тўла бўлиб, барча даврлар классикасига айланган.
Омма олдида фортепианода мусиқа ижро этиш Бетховеннинг ягона даромад манбаига айланган, бундан ташқари, у аристократия вакилларига мунтазам дарс бериб келган. Эшитиш қобилиятининг йўқолиши билан оғир даврлар бошланган. 1811 йилда фортепианода бермоқчи бўлган концерти омадсизликка учраганидан кейин у саҳнада бошқа ҳеч қачон кўриниш бермаган. Бир сафар бутунлай кар бўлиб қолган Бетховенникига дўстлари келиб, уни мусиқа асбоби олдида учратиб қолишади. Бастакор паст регистрдаги ноталарни чалиб, “Бу ажойиб эмасми?”, дея хитоб қиларди. Меҳмонлар фақатгина паст регистрли товушларни эшита олаётганидан болаларча хурсанд бўлган даҳодан ҳайратда эди.
Бастакор карлигини мулоқот дафтарлари ҳисобига компенсация қилган, дўстлари суҳбат давомида ўз гапларини унга ёзиб берардилар. У умрининг охирги 10 йили давомида шу каби дафтарлардан фойдаланган, унга қадар Бонндаги Бетховен музейида сақланиб келинаётган овоз эшитиш трубкасини ишлатган. Мулоқот дафтарлари шу қадар қимматбаҳо ҳужжатки, унинг ёрдамида Бетховен нималарни бошидан кечирганини аниқ билиб олиш мумкин. 400 та шу каби дафтарнинг 264 таси сақланиб қолмаган, қолганлари бастакор ўлимидан кейин шахсий котиби Антон Шиндлер томонидан тўғрилаб чиқилган. Бетховеннинг биринчи биографи сифатида у ўзининг ва бастакорнинг обрўсини қутқариб қолган: Людвиг томонидан монарх шаънига ёғдирилган ҳақоратлар унинг қувғини ва ҳукумат томонидан тақиқларга учрашига олиб келиши мумкин эди. Шунингдек, Шиндлер маэстро образини авлодлар кўз олдида идеаллаштиришга уринган.
Бастаркор умрининг охирги учдан бир қисмини энг яхши асарларни яратишга сарфлаган бўлиб, улар ҳозирга қадар тингловчилар олқишига сазовор бўлмоқда. Тўққизинчи симфония бўлса — бу жаҳон мусиқаси тарихида инсониятга аталган энг буюк ижод намунасидир. Ғоянинг буюклиги ва кенглиги, ахлоқий мазмунининг теранлиги, ва образлар динамикаси жиҳатидан у Бетховен яратган барча асарлардан ошиб кетади.
1785 йилда Шиллер инсонларни бирлашувга чақирган “Бахт учун ода”сини ёзганди. У инқилоб даврини ифодалаб, янги жамиятни яратиш ва яхши ҳаёт қуриш истагини билдиради. Айнан шу асар Бетховеннинг эътиборини тортади. У симфониянинг биринчи қисми устида ишни 1822 йилда бошлаган ва орадан икки йил ўтиб уни якунлаган, иккинчи қисм мавзуси бўлса, 1815 йилда ёзилган эди.
1824 йилда Тўққизинчи симфония премьераси бўлиб ўтади, унга ўша даврнинг энг машҳур дирижёри Умлауф бошчилик қилган. Бетховен бўлса унинг ёнидан жой олиб, темпни кўрсатиб турган. Ижро якунида томошабинлар ўрнидан туриб қарсак чала бошлайди. Бироқ буюк бастакор тингловчилар томонидан ёғдирилаётган мақтовларни ҳам, оркестр ижросини ҳам эшита олмасди. Шунда хорда бўлган қизлардан бири Бетховенни қўлидан тортиб, одамлар олқишини кўриши учун уни зал томонга буради. Тўққизинчи симфониянинг финали — “Бахт учун ода” — Ғарбий Европа тарихида каноник симфонияга хорни қўшиш билан боғлиқ тарихдаги биринчи ҳолат эди. Ҳозирда эса бу Европа Иттифоқининг мадҳиясига айланган.
Симфония Пруссия қироли Фридрих-Вилгелмга бағишланган эди. Бироқ қироллик оиласи премьерага ташриф буюрмаган ва концерт залидаги энг қиммат жойлар бўш қолган. Шу боисдан симфония ижроси ўзини оқламаган — композитор гонорари жуда кам чиққан.
Maestroнинг шахсий котиби Антон Шиндлернинг таъкидлашича, Бетховен ўзи яратган темпоритмдан фойдаланган. Кўплаб мусиқашуносларнинг фикрича, Вена классикасининг охирги авлоди сифатида бастакор классик мусиқа услубидаги кўплаб қонунларни бузиб юборган. Умрининг сўнгги йилларида Бетховен жияни Карлнинг тақдиридан қаттиқ ташвишда бўлган. Отасининг ўлимидан кейин бастакор уни ўз васийлигига олган эди. Людвиг уни энг яхши пансионларга жойлаштирган ва шогирди Чернига болага мусиқа ўргатишни топширган. Композитор Карл олим ёки артист бўлишини хоҳлаган, аммо уни санъат эмас, балки карта ва билярд ўзига жалб этарди. Қарзга ботиб кетган йигит қурол ёрдамида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлади, бироқ ўқ унинг бош терисини шилиб ўтади холос.
1826 йилда Бетховен қаттиқ оғриб қолади — унга ўпка яллиғланиши ташхисини қўйишган. Бундан ташқари, у ошқозонидаги оғриқлардан азият чеккан. Касаллик секин-аста ривожланиб борарди. Бастакор олти ой давомида ўрнидан турмаган. Дўстлари баъзан унинг ҳолидан хабар олиш учун келиб турган.
1827 йил 26 март куни Людвиг ван Бетховен 55 ёшида оламдан ўтади. Бастакор Венадаги Веринг қабристонига дафн этилган. 1863 йилда Вена мусиқий ҳамжамияти Бетховен ва Шубер тобутларини қазиб олиб, суякларини қўрғошинли тобутларга жойлаштиради ва Бетховеннинг бош чаноғини суратга олади. 1888 йилда Бетховен тобути Моцарт монументи яқинида жойлашган Марказий қабристонга кўчирилган.
Изоҳ (0)