Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ўғирлик жиноятини содир этган 32 ёшли фуқаронинг иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Ёшлар” телеканали орқали маълум қилинди.
Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи муқаддам бир неча маротаба судланиб, охирги маротаба ўғирлик, ўғирликка суиқасд, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон ҳудудига кириш жиноятларини содир этиб, озодликдан маҳрум этилган.
Қайд этилишича, 2022 йил 10 март куни ушбу шахс Олмазор туманидаги 5-хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонадаги шкафдан 47 миллион сўмлик тилла тақинчоқлар ва 450 долларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Бундан ташқари, у 29 март куни туманнинг Себзор даҳасидаги хонадонга кириб, 20 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан айбли деб топилиб, 9 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, у суд томонидан “ўта хавфли рецидивист” деб топилган.
Аввалроқ Бухорода телевизор устаси ўзганинг уйидаги музлаткич ичида бўлган пулларни ўғирлагани, Сирдарёда уйга ўғриликка тушиб, 14 ёшли қизни ўлдирган шахс 23 йилга озодликдан маҳрум этилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)