Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 26 ёшли аёлни бетон бўлаги билан уриб ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, айбланувчи 2022 йил 26 сентябрь куни соат 22:30 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Наврўз кўчасида яшовчи М.М. исмли аёлнинг уйига борган. Эркак унга ўрталарида гўёки ишқий муносабат бўлганини важ қилиб, аёлдан пул ундириш мақсадида унинг уйига бостириб кирган.
“Уйига кириб қўл кўтардим. ‘Дарвозани очаман, ҳозир маҳалладагиларни чақираман’, деган пайтида ўзимда эмас эдим”, — дейди айбланувчи. Марҳума билан ўзаро келиша олмаганини сабаб қилиб кўрсатган эркак ҳовлидаги 20-25 килограммли бетон бўлаги билан қочишга уриниб, йиқилган аёлнинг юз ва бош соҳасига урган.
Аёл воқеа жойида вафот этган. Эркак эса уй ичига кириб, 1,9 миллион сўм миқдоридаги пулни олиб воқеа жойидан қочиб кетган.
Айбланувчи А.Р. Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми билан айбли деб топилиб, 19 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)