Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Термиз шаҳрида халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Президент вилоятда охирги беш йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 15 мингдан зиёд корхона ишга тушганини айтди.
“Бугун йиғилишдан кейин ишга тушириладиган 6 та корхонада ҳам қўшимча 2 мингта янги иш ўрни яратилди, вилоят ишлаб чиқаришига 370 миллиард сўм, экспортига 20 миллион доллар қўшилади. 2022 йилда ишга тушган “Зарчоб-1” ва “Зарчоб-2” микро ГЭСларида йилига 201 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқарилмоқда. Бугун ишга тушадиган “Тўпаланг ГЭС”да йилига яна 467 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш қўшилади”, — деди давлат раҳбари.
Президент 257 та мактаб қурилди ва реконструкция қилингани, боғча қамрови 18 фоиздан 62 фоизга етказилганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, вилоятда:
- 302 минг аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди;
- 1 минг километр халқаро ва 3 минг километр ички йўллар таъмирланди.
“Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди, кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис, 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик.
Бугунги сессияда Сурхондарё вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масалани кўриб чиқишимиз керак. Вилоят депутатлари ва фаоллари билан маслаҳатлашиб, вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини бу лавозимга таклиф қиламан. Улуғбек Қосимовга берилган қисқа вақт ва имконият Сурхондарёдаги вазият ва аҳоли ташвишларини чуқур ўрганиш учун етарли, деб ҳисоблайман”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ (0)