Футбол бўйича Индонезия чемпионатининг 11-туридан ўрин олган “Арема” ва “Персебая” клублари ўртасидаги ўйинда 2022 йил 2 октябрь санасида бўлиб ўтди.
Учрашув “Персебая”нинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Мағлубиятдан ҳафсаласи пир бўлган “Арема” мухлислари майдонга югириб чиқиб, ғалаён кўтарган. Мухлислар хавфсизлик хизмати вакилларига қарата турли буюмларни улоқтирган, бунга полиция “дубинка” ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланиш билан жавоб берган. Оқибатда 174 киши ҳалок бўлган ва 180 киши жароҳат олган. Маълумотларга кўра, вафот этганлар орасида 5 ёшли бола ва полиция ходими ҳам бўлган.
Индонезиянинг сиёсий, ҳуқуқий ва хавфсизлик масалалари бўйича координатори Муҳаммад Маҳфуднинг айтишича, ўйин давомида стадион тўла бўлган: 38 минг ўриндиқли стадионга 42 минг киши кирган.
2023 йилнинг 9 март санасида ушбу воқеалар юзасидан суд бўлиб ўтди. Унда “Арема” футбол клуби ташкилий қўмитаси раиси Абдул Ҳорис эътиборсизлиги ва стадион сиғимидан ортиқ чипталарни сотганликда айбдор деб топилиб 1,5 йилга, шунингдек, “Арема” клуби хавфсизлик хизмати ходими Суко Сутрисно эса 1 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Яна бир нафар стадион ходими ва уч нафар полициячининг иши кейинроқ кўриб чиқиладиган бўлди.
Изоҳ (0)