Туркияда 24 кун давомида зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчилари Тошкентга қайтиб келди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан шу йилнинг 8 февраль куни Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчиларидан иборат тиббий отряд зилзила оқибатини бартараф этишда ёрдам бериш ҳамда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркияга жўнаб кетган эди.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида зилзилалардан жабр кўрган турк халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатган. Шу вақт давомида улар жами 3860 нафар фуқарога тиббий ёрдам кўрсатган. Улардан 1795 нафари эркаклар, 1177 нафари аёллар ва 888 нафарини эса болалар ташкил этмоқда.
6 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлигининг тиббий отряди ходимларини оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари, мудофаа вазири ўринбосари ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Изоҳ (0)