Сирдарё вилоятида яшовчи онахон Зулайҳо Исмоилова нафақа пулини Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга ёрдам тариқасида юборгани ҳақида хабар берилганди. Зулайҳо аянинг набираси Асқар Исмоиловнинг “Дарё”га маълум қилишича, онахон “Туркия қутқарувчиси” номига муносиб кўрилган.
Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ҳам ўзининг шахсий Telegram каналида шундай ёзади:
“Бугун мен учун қувончли кун. 99 ёшли Зулайҳо ҳожи онам Исмоиловага ‘Туркия қутқарувчиси’ деган фахрий ёрлиқ ва Туркия қутқарувчилари киядиган жилет тақдим этишди. Кўксим тоғдай кўтарилди. Аслида, ҳамма оналар қаҳрамон. Оналар бешик тебратади, оналар ҳеч қачон тобут кўтармайди. Дунёнинг ярми оналар бўлса, қолган ярмини оналар дунёга келтиради. Онам Туркиядаги зилзилани, девор остида қолган одамларни кўриб, кўзига ёш олди. Туркия дардини ўз дардидай қабул қилди. Онам Сардобадаги талафотда биринчилардан бўлиб ёрдамга шошганди. Энди эса, Туркияга бориш ниятида. Илоҳо, ҳаммамизнинг қаҳрамон оналаримиз соғ бўлсин. Шундай оналаримиз бор экан, ўзбек миллати дунёдаги энг буюк миллат бўлаверади”, — дейди шоир бу ҳақда.
Тўққиз нафар фарзанднинг онаси, невара, чевара ҳамда эвараларининг севимли бувиси бўлган Зулайҳо ая Исмоилова биринчи даражали меҳнат фахрийси бўлгани учун давлатдан 4,5 миллион сўм миқдорида нафақа олади.
“Туркия халқи бошига оғир иш тушибди. Уларга жудаям ичим ачиди. Шунга нафақамдан орттирган пулларимни Туркиядаги зилзиладан жабрланганларга юборяпман. Сал бўлса-да, ёрдамим тегса, хурсанд бўлардим. Аллоҳ уларнинг мушкулини осон қилсин”, — деганди зилзиладан жабрланганларга 20 миллион сўм миқдоридаги маблағ хайрия қилган онахон.
Изоҳ (0)