Туркманистонда бу йил туркман халқ шоири Маҳтумқули Фароғий таваллудининг 300 йиллиги нишонланади. Шу муносабат билан Туркманистон пойтахтининг жанубида, Копетдоғ тоғларининг бир қисми бўлган тепаликда минг тоннадан ортиқ бронзадан ясалган ёдгорлик ўрнатилди.
Ҳайкалтарош Сарагт Бабаев томонидан яратилган ҳайкалнинг баландлиги 60 метрни ташкил қилади, деб “Дарё”га маълум қилди Туркманистон Маданият вазирлигидаги манба.
Композициянинг атрофини яшил маданият ва истироҳат боғи комплекси ўраб туради. Ҳозирда комплекс устида Россиянинг “Возрождение” компанияси ишламоқда.
Компанияга раҳбарлик қилаётган Игор Букато яқинда “Халқ маслаҳати” (Халқ кенгаши) раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовга амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берган. Бердимуҳамедов инновацион технологияларни қўллашни, хусусан, “замонавий ёритиш мосламалари ва лазер нурлари ёрдамида Фароғийнинг ўлмас шеъриятидан намуналарни тепаликларга туширишни” таклиф қилган.
Маҳтумқули мероси Ўзбекистонда ҳам эъзозланади. Тошкентнинг асосий кўчаларидан бирига унинг номи берилган, 2017 йилда унинг барелефи ўрнатилган. Яқинда унинг “Элинга бахш айла” китоби ўзбек тилида нашр этилди.
Тарихчиларнинг таъкидлашича, Маҳтумқули бир вақтлар Хива ва Бухорода таҳсил олгани, Алишер Навоийни ўзига устоз, деб ҳисоблагани ҳақида ҳужжатли далиллар мавжуд.
Изоҳ (0)