Шавкат Мирзиёев Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари 2 март куни Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати саммитида сўнгги йилларда инсоният пандемияга қарши курашиш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва техноген фожиаларнинг аянчли оқибатларини ҳам ўз бошидан ўтказаётганини қайд этиб, бу муаммоларнинг кўлами тобора кенгайиб, улар нафақат айрим давлатлар, балки бутун бир минтақаларнинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти учун жиддий хавф солаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев фавқулодда ҳолатлар сабабларини чуқур ўрганиш ҳамда офат оқибатларини самарали бартараф этиш мақсадида Қўшилмаслик ҳаракатининг махсус мониторинг ва илмий тадқиқот тармоғини ташкил қилишни таклиф этди ва ву институтни Ўзбекистонда жойлаштиришга тайёрлигини билдирди.
“Албатта, бундай қийин ва мураккаб синовларни фақатгина биргаликда, бир-биримизни яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳолда енга оламиз. Шу маънода, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдоридир”, — деди президент.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиев таклифига биноан 1 март куни амалий ташриф билан Боку шаҳрига борганди. Шу куни икки давлат раҳбари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқди.
Изоҳ (0)