Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар куни ППХ ходимлари патруллик қилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали орқали узатилган лавҳада маълум қилинди.
Қайд этилишича, болаларнинг ўғирланиши ҳақидаги сохта хабарлар тарқалганидан сўнг, пойтахтда болалар хавфсизлиги бўйича чора-тадбирларни кучайтиришга қарор қилинган.
Эндиликда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳар куни эрталаб соат 07:00 дан бошлаб кун давомида мактаблардаги вазиятни назорат қилиб боради, патрул пост хизмати ходимлари эса мактаблар атрофида, айниқса, қоронғи кўчаларда патруллик қилади.
Бундан ташқари, ота-оналар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан доимо алоқада бўлиши учун мактабдаги барча Telegram гуруҳларига мактабларда фаолият юритувчи психолог инспекторлар қўшилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳри ҳудудида сўнгги 5 йил давомида бирорта ҳам бола ўғирланиши ҳолати содир бўлмагани, вояга етмаганлар бедарак кетган ҳолатлар бўлгани, лекин барча вояга етмаганлар топилган ва оиласига қайтарилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)