Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси масъул ходимлари ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида хорижий авиакомпанияларни Ўзбекистон авиация бозорига жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чоралар-тадбирлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақидаги батафсил маълумотлар тақдим этилган.
IndiGo авиакомпаниясининг халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича вице-президенти Ражан Малҳотра мазкур компания фаолияти, янги хорижий манзиллар қамровини кенгайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида сўзлаб берган.
Икки мамлакат ўртасида тобора ўсиб бораётган сайёҳлик оқимини назарда тутган ҳолда ҳинд авиакомпанияси вакили 2023 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистонга ҳаво қатновларини йўлга қўйиш имкониятлари ўрганиб чиқилаётганини маълум қилган.
Музокараларнинг навбатдаги босқичини ташкил этиш мақсадида IndiGo авиакомпанияси вакилларининг яқин муддатларда Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил этишга келишиб олинган.
Аввалроқ Саудия Арабистони авиакомпанияси Жидда ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)