Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин амалдорларни қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлаб чиқаришда “фундаментал ислоҳотлар” ўтказишга чақирди. Бундай буйруқ озиқ-овқат тақчиллиги билан боғлиқ хавотирлар фонида берилди, деб ёзмоқда The Guardian.
Ким Чен Ин бу йил учун ғалла етиштириш кўрсаткичларини бажариш устувор вазифа эканини таъкидлаб, барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш муҳимлигини қайд этган.
Хабарда Шимолий Корея қандай чоралар кўришига аниқлик киритилмаган, бироқ Ким Чен Ин яқин бир неча йил ичида ўзгаришлар бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Шимолий Корея қишлоқ хўжалигининг катта қисми коллектив деҳқончиликни ташкил қилади. Бундай фермер хўжаликларида, одатда, биргаликда ишлаб, ҳосил етиштирадиган бир нечта кичик фермерлар ишлайди.
Февраль ойи бошида Жанубий Кореянинг икки Кореяни бирлаштириш вазирлиги Шимолда озиқ-овқат билан боғлиқ вазият ёмонлашганини маълум қилганди. Вазирликнинг таъкидлашича, КХДР ҳукумати қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси бўйича махсус йиғилиш ҳақида камдан-кам эълон қилади.
Шимолий Корея озиқ-овқат хавфсизлигининг тўлиқ кўлами номаълум, бироқ 38 Нортҳ лойиҳасининг январь ойидаги ҳисоботида айтилишича, озиқ-овқат хавфсизлиги 1990 йилларда мамлакатни вайрон қилган очарчиликдан кейинги энг ёмон ҳолатда.
Изоҳ (0)