Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия президенти Владимир Путиннинг урушдаги “режалари” ҳақида гапирди. У Twitter’даги саҳифасида тегишли твитни жойлади.
Подолякнинг сўзларига кўра, Путин урушнинг чўзилиши ва Украинадаги вазиятнинг ички беқарорлашувига умид қилмоқда. Украиналик расмий ҳозирда Кремлнинг аниқ режаси борлиги ва у ҳарбий можарони сунъий равишда чўзиш орқали Украина ҳарбийлари ва тинч аҳолини “чарчатиш”дан иборатлигини айтди.
Подоляк Путин Украинанинг ғарбдаги иттифоқчиларининг иқтисодий тизими қулаши ва инқироз даврига киришини кутаётганини таъкидлади.
“Россия раҳбари шу тариқа хориждан техника ва ўқ-дорилар етказиб беришга боғлиқ бўлган Украинанинг мудофаа қобилиятини сусайтиришга умид қилмоқда. Россия Украинанинг таслим бўлишига ички қарама-қаршиликларни кучайтириш орқали эришиш мумкинлигига ишонмоқда. Шу мақсадда Россия дунёнинг турли мамлакатларида манипулятив ‘урушга қарши’ ҳаракатларни ташкил қилади. Уларда Украина кучлари томонидан ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик эвазига босиб олинган ҳудудларни Россияга топширишдан иборат бўлган шиорлар янграйди”, — дейди Михаил Подоляк.
Изоҳ (0)