Қирғизистон мамлакат ҳудудида фуқароларнинг паспортлари ва миллий валюта банкноталарини чоп этишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари Садир Жапаровга таяниб, Sputnik Қирғизистон хабар берди.
Жапаров буни амалга ошириш учун “Учкун” давлат босмахонаси барча замонавий жиҳозлар билан таъминланганини таъкидлади.
“Бундан буён хусусий корхонада бирорта ҳам давлат қоғози чоп этилмаслиги керак. Фақат ‘Учкун’да бу амалга оширилади. 100 фоиз ўзимиз уддалай оламиз. Барча керакли жиҳозларни сотиб олдик ва ўрнатдик. Энди ўзимиз пул босамиз, май ойидан паспорт чоп этишни бошлаймиз. Бунгача паспорт бланкалари, техник паспортлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари хусусий корхоналар томонидан бериларди. Бунинг учун давлат 15 миллиард сом тўлаган бўлса, ундан бир тийин ҳам солиқ ёки бошқа даромадлар кўринишида бюджетга тушмасди. Энди фақат ‘Учкун’да чоп этамиз – 3 миллиард сомга яқин маблағ солиқ шаклида ғазнага қайтарилади”, — деди сиёсатчи.
Таъкидланишича, бунгача Қирғизистон миллий валютаси сом инглиз ва француз компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.
Изоҳ (0)