Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги метан газ заправкада Nexia-3 автомобилининг газ баллони портлагани ҳақида хабар берилди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мазкур воқеа бўйича қўшимча маълумот берди.
Таъкидланишича, бугун, 24 февраль куни соат 16:08 ларда Қарши шаҳар Насаф кўчасида жойлашган автомобилларга газ (метан) қуйиш шохобчасида 2019 йилда ишлаб чиқарилган, оқ рангли Nexia-3 русумли автомобилнинг газ баллонига газ қуйиш вақтида ёрилиш (портлаш) содир бўлган.
Натижада автомобилнинг орқа қисми тўлиқ шикастланган. Ҳодиса жойида ёнғин содир бўлмаган ва тан жароҳати олганлар йўқ.
“Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли соҳа вакиллари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча ҳайдовчилардан ўз бошқарувидаги автомобилларни вақтида техник кўрикдан ўтказишларини ва барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилишларини сўрайди”, — дейилади расмийлар изоҳида.
Изоҳ (0)