Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Мирзохид Қодиров Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Мирзохид Қодиров 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, иш фаолиятини мазкур олий ўқув юртида кафедра ассистенти сифатида бошлаган.
Кейинчалик Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Фармакопея қўмитасида етакчи мутахассис, қўмита раиси ўринбосари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ДУК директори каби масъул лавозимларда ишлаган.
“Мирзохид Қодировга тизимда коррупцияга барҳам бериш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, Ўзбекистонга сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар кириб келишини таъминлаш, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2022 йил 30 декабрдаги йиғилишда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариевни ишдан олганини эълон қилганди. Февраль бошларида эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Сардор Кариев қамоққа олинганини маълум қилди.
Агентлик томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ДУКда ўтказилган ўрганиш якунларига кўра аниқланган жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар ҳамда бюджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ДХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)