Болалар миллий тиббиёт маркази болалар онкологи Камол Искандаров “Дарё”га берган интервьюсида айни кунда марказда 38 та бемор даволанаётгани ва уларнинг дори таъминоти қандай йўлга қўшилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
— Дорилар масаласи энг оғриқли нуқтамиз. Чунки асосийларидан ташқари қўллаб-қувватловчи дорилар ҳам жуда кўп. Кимёвий терапияда қўлланиладиган дорилар эса анча қиммат. Давлат томонидан дорилар таъминоти бир неча ердан берилиши белгиланган. Масалан, тамаки маҳсулотларидан тушадиган солиқдан маблағ ажратилади. Президентимиз қарорлари билан тузилган жамғарма фондлари ҳам ҳар йили дори-дармон таъминоти учун маблағ ажратади. Давлат бюджети ҳисобидан бериладиган дори-дармонлар ҳам бор. Бундан ташқари, касалхоналар тўлов асосида даволанган беморлар ҳисобидан тушган пуллар ҳисобидан ҳам дори-дармонларни сотиб олади.
2021 йили кимёвий терапия учун керакли дорилардан тақчиллик бўлгани йўқ. Аммо қандайдир сабабларга кўра, 2022 йилда аввалги йилдагига нисбатан 50-60 фоиз камроқ дорилар берилди. Унинг ўрнини ўз-ўзини молиялаштириш ҳисобидан тўлдиришга ҳаракат қилинди. 2023 йил учун ҳам керакли дорилар бўйича маълумот берганмиз. Ўйлайманки, асосий дорилар ўз вақтида берилса онкологик касалликка чалинган болаларнинг соғайиш кўрсатгичи сезиларли даражада ортади, — дейди болалар онкологи Камол Искандаров.
Изоҳ (0)