Telegram’да маълумотларнинг ишончлилигини текшириш механизми ишга тушди. Бу ҳақда мессенжер янгиликларига ихтисослашган “Код Дурова”канали маълум қилди.

Telegram вакиллари янгиланиш бўйича расмий баёнот бермаган. Бироқ Wе Ton Telegram каналида мессенжер Россиядан чиқиб кетаётгани ҳақидаги хабар эълон қилингач, пост остида Fact Check белгиси пайдо бўлган.
Мазкур пост остида ажратилган алоҳида блокда, иқтибос кўринишида, Telegram асосчиси Павел Дуров бундай баёнот бермагани таъкидланган. “Бу нима?” тугмаси босилганда эса, мазкур тушунтиришнинг айнан Telegram томонидан тақдим этилгани ҳақида билдиришнома чиқади.
Telegram’нинг Android операцион тизими учун бета-версиясида “Фактларни текшириш” функцияси пайдо бўлгани ҳақида “Код Дурова” 2024 йил май ойида ҳам хабар берган эди. Ўшанда, ушбу функция доирасида Telegram ишончли маълумотларни тақдим этадиган агентликлар билан ҳамкорлик қилиши, оддий фойдаланувчилар эса фактчекинг натижаларига таъсир этмаслиги айтилган.
“Дуров коди”нинг ёзишича, Telegram фаолият юритаётган мамлакатларда ҳукуматлар ахборотни текшириш бўйича агентликларни белгилаш имкониятига эга бўлади.
Маълумот ўрнида, шунга ўхшаш функция Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ҳам мавжуд бўлиб, у 2021 йилда ишга туширилган. Агар Telegram’да маълумотларни текшириш агентликлар томонидан амалга оширилса, собиқ Twitter’да бу билан “Ҳамжамият изоҳлари” дастурида иштирок этувчи модераторлар шуғулланади.
Изоҳ (0)