Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда бу борадаги ишларни давом эттириб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари битирувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастурини амалга ошириш ташаббусини билдирди. Ёшларни эътибор ва ғамхўрлик билан тўла қамраб олиш мақсадида улар “маҳалладан вазирликкача” тизими орқали давлат идораларига бириктирилиши белгиланди.
Ёшларга ажратилаётган маблағларнинг шаклланиши ва молиялаштириш жараёнларини рақамлаштириб, мақсадли йўналтириш вазифаси қўйилди. Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес кўникмаларини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.
Ёшлар санъат, адабиёт, спорт соҳаларида ҳам интилувчан. Уларга бундай имкониятларни яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда “Маданият карвони” тадбирлари, фестиваллар, интеллектуал ва спорт мусобақалари ўтказилади. Ёшлар сайлгоҳлари, креатив парклар ташкил этилади. Ёшларни ёт ғоялар хуружидан ишончли ҳимоя қилиш учун муқобил ахборот ресурслари яратиб, бойитиб бориш муҳимлиги айтилди. Йиғилишда мутасаддилар жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ахборот берди.
Изоҳ (0)