Солигорскнинг “Шахтёр” клуби вакили келишилган ўйинда иштирок этганликда гумон қилинмоқда.
Беларусь ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан клуб ходимига нисбатан (спорт мусобақаси иштирокчиларини қасддан сотиб олиш бўйича) жиноий иш қўзғатилган.
Хабарларга кўра, гап “Шахтёр”нинг Беларусь чемпионати 30-тури доирасидаги “Белшина”га қарши ўйини (4:1) ҳақида бормоқда. Ушбу ўйинда солигорскликлар чемпионлик масаласини ҳал қилганди.
“Белшина” футбол клуби сардори Дмитрий Гомза январь ойи ўрталарида полиция томонидан ҳибсга олинган. Бироқ бунинг сабаби маълум қилинмаган. Қайд этиш керак, Гомза шубҳа остига олинаётган ўйин вақтида ўз дарвозаси томон пенальти келтирганди.
“Шахтёр Солигорск” Беларусь чемпионатида энг яқин таъқибчиси “Энергетик-БГУ”ни 5 очкога ортда қолдириб, кетма-кет учинчи марта чемпионликни қўлга киритганди. Айрим хабарларга кўра, “Шахтёр” ушбу ишда айбдор деб топилса, чемпионлик “Энергетик-БГУ”га берилиши мумкин.
Минскликлар сафида ўзбекистонлик футболчи Бобур Абдухолиқов иштирок этган ва 26 та гол билан мавсумнинг энг яхши тўпурарига айланганди.
Изоҳ (0)