Россия Федерал Жазони ижро этиш хизматига (ФСИН) уруш бошланганидан кейин қўшиб олинган Украина ҳудудларида 24 та ахлоқ тузатиш колонияларини яратиш вазифаси топширилди. Бу ҳақда Россия ҳукуматининг тегишли фармойишида айтилган.
Ўзини ўзи республика деб эълон қилган Донецк халқ республикасида 12 та, Луганск халқ республикасида еттита, Херсон вилоятининг Россияга қўшиб олинган қисмида учта, Запорожье вилоятининг қўшиб олинган қисмида эса иккита ахлоқ тузатиш колонияси (ва битта колония-турар жой) ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Россия ҳукумати режасига кўра, бу ҳудудларда учта даволаш тузатиш муассасаси ва учта ахлоқ тузатиш маркази ҳам ташкил этилади.
Федерал Жазони ижро этиш хизмати маълумотларига кўра, 2022 йил ноябрь ҳолати бўйича Россияда жами 626 та ахлоқ тузатиш колонияси мавжуд. Улар мамлакат таркибидаги ҳар бир ҳудудга ўртача еттитадан тўғри келади.
2022 йил ноябрь ойида Алексей Навалний жамоасининг “Сирен” нашри ўзи ҳамда “Рус сидяшая” ва Gulagu.net лойиҳаларининг маълумотларига таяниб, Украинанинг Херсон вилоятидан чекиниш пайтида россиялик ҳарбийлар украиналик асирларни Россия ҳудудидаги 10 та колонияга олиб кетгани ҳақида хабар берганди.
Изоҳ (0)