Бир неча ой давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Германия канцлери Олаф Шольц Украинага Leopard танкларни етказиб беришга қарор қилди. Бу ҳақда Spiegel хабар берди.
Маълум қилинишича, гап Leopard 2А6 танкларининг камида битта ротаси ҳақида кетмоқда. Берлин бошқа давлатлар томонидан Leopard танклари етказиб берилишини ҳам маъқулламоқчи. Leopard танклари Украинага Бундесвер захираларидан ажратилади. Ўрта ва узоқ муддатли истиқболда янги жанговар танклар саноат захираларидан Украинага юборилиши мумкин.
Яқинда Украинага Leopard жанговар танкларини етказиб бериш учун Шольцга босим кучайганди. Канцлер Leopard’ни АҚШнинг Abrams танклари билан бир вақтда Украинaга юборишга чақирган. Шольц ўз шарти ҳақида АҚШ президенти Жо Байден билан суҳбатда гапирган, бироқ Байден Abrams танкларини Украинага юбориш ниятини тасдиқламаган.
Wаll Street Journal расмийларга таяниб, АҚШ президенти маъмурияти Германиянинг Leopard танкларини Киевга етказиш бўйича позицияси туфайли Украинага Abrams М1 танкларини юборишга мойиллиги ҳақида ёзганди. Юбориладиган танклар сони аниқланмаган. Ҳозирда Байден маъмурияти Украинага Abrams танкларини етказиб беришни кўриб чиқмоқда.
АҚШ ҳукумати оғир Abrams танкларини (оғирлиги 55 тонна) техник сабабларга кўра Киевга юборишни маъқулламаяпти — танкларнинг газ турбинали двигателлари жуда катта миқдорда ёнилғи сарфлайди, бузилишларга мойил ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун юқори малакали ходимлар керак.
Leopard дунёдаги энг яхши жанговар машиналардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у совет Т-72 танкига рақобат тарзда ишлаб чиқилган.
Мавзуга доир: Нега Украина Германиядан айнан Leopard танкларини сўрамоқда? У қандай аҳамиятга эга?
Изоҳ (0)