Uzbekistan Airways’нинг айрим ҳаво кемалари сотувга қўйилди. Бу ҳақда Давлат активларни бошқариш агентлиги хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Давактив агентлиги томонидан мазкур жараёнларни ташкиллаштириш учун Буюк Британиянинг ACC Aviation компанияси консултант сифатида жалб қилинган.
Консултант томонидан ҳаво кемаларининг техник ҳолати, бозордаги талаб ва таклиф асосида сотиш механизми бўйича таҳлиллар ўтказилди.
Консултант тавсиясига асосан Uzbekistan Airways қуйидаги икки лот бўйича ҳаво кемаларини сотиш бўйича қизиқиш билдириш босқичи бошланганини эълон қилди:
Лот 1:
- Boeing 757 (UK 75701), 1999 йилда ишлаб чиқарилган;
- Boeing 757 (UK 75702), 1999 йилда ишлаб чиқарилган;
Лот 2:
- Boeing 767 (UK 67007), 2003 йилда ишлаб чиқарилган;
- Boeing 767 (UK 67008), 2004 йилда ишлаб чиқарилган.
Ушбу ҳаво кемаларининг нархи ҳақида маълумот берилмаган.
Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини 2023 йил 23 февраль соат 18:00га қадар юбориши лозим.
Шу билан бирга, Uzbekistan Airways томонидан келгусида қолган ҳаво кемаларни тури ва русумини инобатга олиб, лотларга бўлган ҳолда савдо жараёнлари эълон қилиниши билдирилган.
Аввалроқ Uzbekistan Airways 20 га яқин самолётини сотишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)