АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Европа давлатлари, хусусан Польша ва Эстониянинг бир баррель учун 60 доллардан паст чегараларни белгилаш истагига қарамай, Россия нефти экспорти учун маржинал нархни пасайтиришга қарши чиқиш ниятида. Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Россиядан олинадиган нефтнинг максимал нархини қайта кўриб чиқишдан олдин Вашингтон Европа Иттифоқининг (ЕИ) Россия нефть маҳсулотларига 5 февралдан кучга кирадиган эмбаргосини кутиш ниятида.
Нархлар чегарасини ўзгартириш учун G7 ва ЕИнинг бир овоздан қарори талаб қилингани сабабли, АҚШ позицияси Россия нефти нархи бир баррель учун 60 доллар даражасида қолиши эҳтимолини оширади.
Бир қатор Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, жумладан, Польша ва Эстония, Москванинг даромадларини қисқартириш учун Россия нефть экспорти нархини пасайтиришга интилишда давом этмоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида нархларни қайта кўриб чиқиш муҳокамаси келаси ҳафта бошланади.
5 февралдан Россия нефть маҳсулотлари, жумладан, дизель ёнилғиси, мазут, бензин, керосин ва бошқа товарлар импортини чеклаш механизми ишлай бошлайди.
Шу кундан бошлаб нефть маҳсулотлари нархига чеклов жорий этилади. Россия нефть нархига нисбатан эмбарго ва 60 долларлик чегара 5 декабрдан кучга кирди.
Улар Европа Иттифоқи томонидан G7 давлатлари ва Австралия билан биргаликда қабул қилинган. Бунга жавобан Россия президенти Владимир Путин ўзининг шахсий рухсатисиз нефть ва нефть маҳсулотларини нарх чегараси остида етказиб беришни тақиқлаган.
Изоҳ (0)