2023 йил 23 январь куни Қозоғистонда McDonald’s бренди остида фаолият юритган тармоқнинг бир қатор ресторанлари брендсиз ўз ишини тиклади. Бу ҳақда Forbes хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, ресторанлар тармоғини очиш босқичма-босқич амалга оширилади, дастлабки босқичда Олмаотада бешта ресторан очилади.
«Ҳозирча ресторанлар номсиз очилади. Бироқ яқин келажакда биз янги номимизни тақдим этамиз», — деди Food Solutions КЗ бош директори Ассет Машанов.
Нашр мухбирининг қайд этишича, Олмаота ресторанларида McDonald’s белгиси ўрнига қозоқ ва рус тилларида «Биз очиқмиз» ёзувлари пайдо бўлган.
McDonald’s Қозоғистонда 2016 йилнинг март ойидан бошлаб Food Solutions КЗ бошқаруви остида фаолият кўрсатмоқда.
Унинг эгаси Қайрат Бўранбоев бўлиб, у 2022 йилнинг 15 мартидан буён квазидавлат секторида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.
2022 йил 17 ноябрь куни Қозоғистонда McDonald’s тармоғи фаолияти тўхтатилгани ҳақида маълум бўлди.
Компания Қозоғистоннинг қуйидаги шаҳарларида: Олмаота, Остона, Атирау, Ақтўбе, Қўстанай, Қарағандада 24 та McDonald’s ресторанига эга бўлиб, икки мингга яқин кишини иш билан таъминлаган.
2023 йил 5 ноябрда эса ресторанлар тармоғи «етказиб беришдаги чекловлар» туфайли McDonald’s бренди остида ишлай олмаслиги маълум бўлганди.
Мавзуга доир: CNN: McDonald’s раҳбарияти ходимларни қисқартиришга тайёрланмоқда
Изоҳ (0)