Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов 22 январь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган ИҲТ бош котиби Ҳусрав Нозирий билан учрашди.
ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ташкилот доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ҳусрав Нозирий Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «ИҲТда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинган 2022 йил мобайнида Ташкилотда Ўзбекистоннинг фаол ва мазмунли раислигини қайд этди. Ўзбекистон раҳбарининг ИҲТ Ашхобод саммитида илгари сурган қилган ташаббуслари ижроси тузилма фаолиятига кучли туртки бериши ва янги «ўсиш нуқтаси» бўлишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон раислигида ўтказилган тадбирлар, жумладан, Ҳудудий режалаштириш Кенгаши мажлиси, қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирликлари раҳбарларининг учрашувлари, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича учрашувлар ва бошқалар муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.
Томонлар «ИҲТ истиқболлари 2025»да белгиланган мақсадларга эришиш учун Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятидан, айниқса, савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларида янада самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирди.
Йиғилишда, шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши, шунингдек, Ўзбекистон раислиги доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари ҳам муҳокама қилинган.
Изоҳ (0)