2022 йил декабрь ойида Европада инфляция даражаси 9,2 фоизга тушди. Бу ҳақда Eurostat’нинг дастлабки ҳисоб-китобларидан маълум бўлди.
Мазкур кўрсаткич сентябрь ойидан бери энг паст бўлиб, ноябрь ойида Европа Иттифоқида инфляция даражаси 10,1 фоизга етган эди.
Eurostat шунингдек, Европада энергия нархи ўсишининг секинлашишини қайд этди: ноябрдаги 34,9 фоиздан декабрда 25,7 фоизгача.
Озиқ-овқат, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари нархининг ошиши кузатилмоқда (ноябрдаги 13,6 фоиздан декабрдаги 13,8 фоизгача).
Бошқа истеъмол товарлари нархлари декабрь ойида йиллик кўрсаткичда 5,2 фоизга ошди — ноябрь ойига нисбатан истеъмол нархлари ўтган ойда 0,3 фоизга пасайган.
Европа Марказий банкининг (ECB) инфляция мақсади 2 фоиз ҳисобланади. 15 декабрда банк ўзининг базавий ставкасини кетма-кет тўртинчи марта 2,5 фоизгача оширганди.
Аввалроқ Европа аҳолиси электр ва газ учун рекорд даражада кўп пул тўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)