Бирлашган Араб Амирликларини бошқарувчи ал-Наҳаён араб шайхлари учун сиёсат сўнгги йилларда бизнеснинг муҳим таркибий қисмига, бизнес эса сиёсий таъсирни кучайтиришнинг самарали усулига айланди. Bloomberg мақоласида энг бадавлат оила қандай қилиб тадбиркорликдан нафақат бойлигини, балки қудратини ҳам ошириш йўлида фойдаланиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Шайх Тахнун ибн Зайд ал-Наҳаён одатда мол-мулк кўз-кўз қилинадиган ҳудудда енг ичида яшашининг ўзи билан ҳам эътиборга лойиқдир. Бу сирлилик БАА қироллик сулоласи аъзоси атрофида кўплаб миш-мишларни келтириб чиқаради. Уларнинг баъзиларига кўра, айнан у дунёдаги энг бой оила давлатининг катта қисмини бошқаради.
БААда тасдиқланган дунё нефть захираларининг тахминан 6 фоизи жойлашган. Уни сотишдан тушадиган фойданинг катта қисми анъанага кўра ҳукумат вакиллари қўлида йиғилишини ҳисобга олганда, ал-Наҳаёнларнинг бадавлатлиги юзасидан ҳайратланадиган ҳеч нарса йўқ. Бироқ хонанда Рианнанинг ич кийимлар линиясидан тортиб, Илон Маскнинг SpaceX компаниясигача бўлган турли-туман лойиҳаларга инвестициялар оилага ўз бойлигини мисли кўрилмаган даражагача ошириш имконини берди.
Bloomberg Billionaires Index маълумотларига кўра, ал-Наҳаёнларга тегишли активларнинг соф қиймати камида 300 миллиард долларга тенг. Бу шуни билдирадики, шайхлар тахминан 75 миллиард долларга америкалик бизнесменлар — Уолтонларни ортда қолдирмоқда, улар эса ўзларининг Walmart дўконлар тармоғи ретейл бозорида устунликка эга бўлиши шарофати билан узоқ вақтлар давомида дунёдаги энг бой оила деб ҳисобланиб келинган. Таҳлилчилар норматив ҳужжатларни, кўчмас мулк ҳақидаги қайдларни ва корпоратив маълумотларни ўрганиб, шундай хулосаларга келган.Ал-Наҳаёнларнинг давлатини аниқ ҳисоблаб чиқиш мураккаб вазифадир, чунки БААда давлат бюджети ва ҳукмрон сулола бойлиги ўртасидаги чегаралар доим ҳам аниқ-равшан бўлмайди. Оиланинг баъзи активлари хусусий мулк ҳисобланади, бошқалари расман ҳукумат тузилмаларига тегишли бўлади. Аммо мол-мулкнинг расмий жиҳатдангина ал-Наҳаёнларга тааллуқли бўлган қисми ҳам уларни минтақадаги бошқа нефть магнатларидан, шу жумладан, Саудия Арабистони монархларидан бойроқ қилади.
Шайх Тахнун (айтганча, унинг жиу-житсу бўйича қора белбоғи бор) оилага ҳам жамоатчилик олдида, ҳам ёпиқ эшиклар ортида вакиллик қилади. Айнан у АДҚ фаровонлик суверен фондига раҳбарлик қилади ва мамлакатнинг энг йирик банки — First Abu Dhabi Bank’ни бошқаради. Тахнун назорат қиладиган бошқа оилавий корхоналар орасида International Holding Company инвестиция компанияси ажралиб туради, сўнгги беш йил ичида унинг қиймати 28 минг фоизга ўсиб кетди.
Ал-Наҳаёнлар 2017 йилдан буён тўрт марта Англия чемпионига айланишга улгурган «Манчестер Сити» футбол клубига, шунингдек, бутун Европа бўйлаб ўндан ортиқ қасрлар ва саройларга ҳам эгалик қилади. Оиланинг юксалишида Royal Group пойдевор вазифасини ўтади — у молиядан тортиб, робототехникагача бўлган энг турфа соҳаларга ихтисослашган ва 27 мингдан зиёд ходими бўлган компаниялар тармоғидир. Сўнгги 20 йил ичида у нисбатан оддий корхонадан тахминан 300 миллиард долларлик гигантга айланди.
Ал-Наҳаёнларнинг бойлиги билан бирга, уларнинг минтақадаги ва бутун дунёдаги таъсири ҳам ошиб бормоқда. Бизнес-империяни ривожлантириш ва сиёсий воситачиликда асосий рол шайх Тахнунга тегишлидир. У томонидан тасдиқланган инвестицияларни Туркия ва Мисрда экспертлар унинг акаси, Абу-Даби амири ва БАА президенти шайх Муҳаммад ибн Зайднинг глобал таъсирни кенгайтириш бўйича лойиҳасининг навбатдаги қадами деб талқин қилади.
Тахнун, Муҳаммад ва уларнинг тўрт нафар ака-укалари — давлатнинг асосчиси ва биринчи раҳбари Зайд ибн Султон ал-Наҳаённинг учинчи рафиқасидан кўрган ўғиллари. Улар орасида ҳукуматдаги яна бир муҳим шахс ҳукумат раҳбари ўринбосари шайх Мансур ҳисобланиб, у Марказий банкни ва Emirates Investment Authority федерал ҳукумат суверен фондини ҳам бошқаради.
Қироллик оиласи Royal Group орқали нафақат бутун дунё бўйлаб компанияларга сармоя киритади, балки ходимларни, шу жумладан, машҳур ошпазларни ва тансоқчиларни чақиртириб олади. АҚШ президенти маъмурияти собиқ маслаҳатчиси ва Муҳаммад ибн Зайднинг кўп йиллик консултанти Ричард Кларк қайд этишича, тармоқ отган империяда ушбу тузилма ал-Наҳаёнлар таваккал қилишга тайёр бўлган ягонаси бўлиб қолмоқда. Бошқа инвестициявий корхоналар, жами активлари 1,2 триллион доллардан ошадиган Mubadala Investment Cо. ва Abu Dhabi Investment Authority, асосан анъанавий, барқарорликни сақлаб туришга мўлжалланган суверен фондлар сифатида фаолият юритади.
Чет эллик бинзесменлар кўпинча оила билан ҳамкорлик ҳақида Тахнуннинг суперяхтасида ўтириб келишиб олади, ал-Наҳаёнларда бундай яхталардан учта бор. Кема меҳмонлари орасида Уолл-стритнинг нуфузли тадбиркорлари тез-тез кўзга ташланиб туради, улар мулоқотни йўлга қўйишга ва шайхларга ўз ҳурматини намойиш этишга интилади.
«Нима учун шайх Тахнун билан кўришганимдан мамнун бўлганимни сўраяпсизми? — деди АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг яқинлари даврасига кирувчи хусусий инвестор ва миллиардер Том Баррак. — Чунки у — дунёдаги энг йирик бизнесменлардан бири. Унинг уйида ҳар куни кечқурун катта-катта тадбиркорлар, суверен фондлер инвесторлари, бошқарувчи шериклар меҳмон бўлади».
Тахнуннинг таниқли меҳмонлари орасида Барракдан ташқари, кўчмас мулкка ихтисослашган америкалик инвестор ва миллиардер Сем Зелл, ҳиндистонлик саноатчи Адани Гаутам ва колумбиялик банкер Хайме Гилински ҳам бўлган. Баррак ўтган ой БАА манфаатларини ноқонуний лоббилаштириш ҳақидаги иш бўйича оқланиб чиққанди. Тахнун билан шерикликка эришиш учун америкалик унга араб зотидаги отлар ҳақида ноёб китоб совға қилган ва у билан бирга Марокаш саҳроси бўйлаб саёҳатга чиққан.Тахнун ишларни шахсан ўзи олиб боришни афзал кўради, аммо баъзи вазифаларни ўзига яқин ишончли вакилларига юклайди. Келиб чиқиши марокашлик бўлган молиячи София Абдуллатиф Ласкийни унинг яқин доирасидагилардан бири деб ҳисоблаш мумкин, у шайх билан қарийб 20 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади.
«Мен бутун дунё бўйлаб раҳбарлик лавозимларини эгаллаган кўплаб одамлар билан мулоқотда бўлганман, — деди Сем Зелл. — Улар орасида Абу-Даби вакиллари, шу жумладан, шайх Тахнун ва София энг юқоридаги ўринни эгаллайди».
Royal Group’нинг баъзи инвестициялари қиймати сўнгги йиллар мобайнида сезиларли даражада ошиб кетди. Бу рўйхатда алоҳида ўринни International Holding Company (IHC) эгаллайди, у 2017 йилдан буён бутун дунё бўйича бир миллиард доллардан қимматроқ бизнеслар ичида энг яхши натижаларни кўрсатиб келмоқда. Асосий эгаси Royal Group бўлган IHC ўзининг бутун тарихи давомида балиқчиликка ихтисослашган ва унчалик таниқли бўлмаган инвестициявий корхонадан БААнинг энг қимматбаҳо компаниясига айланиб кетди, ҳозирги пайтда унинг нархи McDonald’s Corp ва Nike Inc.’никидан баландроқ туради. Аммо IHC’нинг шиддат билан ўсиши ҳам баъзи инвесторларни ўзига жалб қилмайди — улар операцияларнинг етарли даражада шаффоф эмаслигидан ташвишга тушади. Хавотирлар шу билан боғлиқки, компания MSCI global fond индексига (дунё фонд бозоридаги вазиятни акс эттирувчи фонд индексига) киритилмаган ва фондлар таҳлилчилари томонидан баҳоланмайди.
Кўпчилик халқаро банклар IHC’нинг ортиқча ошириб юборилган бозор қиймати қаршисидаги қўрқув туфайли у билан иш олиб боришдан бош тортмоқда — унинг бозор қиймати баланс қийматидан қарийб 18 марта каттароқ (таққослаш учун, Уоррен Баффетнинг Bershire Hathaway xolding компанияси бозор қиймати унинг баланс қийматидан 1,5 барабар зиёдроқ). Шунга қарамай, ал-Наҳаёнлар оиласининг таъсир соҳалари ва қизиқишлари хилма-хил эканлиги барибир IHC учун зарур кўмакни таъминлаш имконини беради.
Ноябрь охирида IHC навбатдаги маҳаллий конгломерат акцияларини чиқариб, бунинг эвазига бизнесдаги улушни қўлга киритди, унга эса БААда қиймати бўйича учинчи ўринда турувчи Alpha Dhabi Holding компанияси ҳам кирди, у шайхларнинг тадбиркорлик империяси тожидаги яна бир жавоҳирга айланди. Ал-Наҳаёнларга тегишли корхоналарнинг шиддат билан ўсиши оиланинг қудрати ўсиб бораётганидан далолат беради, деб ёзади Bloomberg. Узоқ вақтлар давомида нефть пойтахти Дубай деб ҳисобланиб келинган, аммо ҳозирги пайтда шайхларнинг тўғридан-тўғри бошқаруви остида бўлган Абу-Даби олдинги планга чиқди.
Ал-Наҳаёнлар бошқа, энг хилма-хил соҳаларда ўзларини намоён қилмоқда: улар яқинда Ferrari тематик паркини, шунингдек, Париж Луврининг маҳаллий филиалини ва «Формула-1» трассасини очди.
БАА, Саудия Арабистони ва Қатар, қазилма ёнилғи даври тугамасидан, ҳар қандай йўл билан ўз иқтисодиётларини хилма-хиллаштиришга интилмоқда. Ушбу мамлакатлар тадбиркорлари АҚШ ва Европа молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган, Хитой эса коронавирусга қарши чоралар туфайли инқирозга ғарқ бўлаётган бир пайтда юзага келаётган кўплаб имкониятларга ёпишмоқда.
International Holding Company’га ал-Наҳаёнлар глобал орзу-ҳавасларининг тимсоли деб қараш мумкин. Директор Саид Башар Шюб августда компания Индонезия, Туркия ва Ҳиндистондаги корхоналарга бир неча миллиард доллар сармоя киритмоқчи эканини айтганди. Инвестицияларнинг асосий қисми озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш бозорлари ва инфратузилмалар ўртасида тақсимланади.
Аксарият ривожланаётган мамлакатларда бўлгани каби, БААда ҳам бизнес ва сиёсат чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда, иккала соҳани эса айнан ал-Наҳаёнлар бирлаштирмоқда. Муҳаммад ибн Зайд раҳбарлиги остида давлат дунёдаги кўплаб жараёнларга фаол аралашишни бошлади: Ливия миллий армияси бош қўмондони Халифа Хафтарни қўллаб-қувватлади, 2017 йилда Қатарга қарши эмбаргога қўшилди ҳамда Яманда Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги прокси-урушда қатнашди.
Шунга қарамасдан, БАА сўнгги вақтларда минтақада кескинликни камайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Мамлакат ҳукумати ўз таъсирини юмшоқроқ усуллар билан оширишга ҳаракат қилмоқда — шу жумладан, иқтисодий битимлар тузиш орқали. Масалан, ўтган йили шайх Тахнуннинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашувидан кейин IHC Туркиянинг қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқарувчи компаниясининг 50 фоизини сотиб олди.
Араб бизнесменлари ва сиёсатчилари ҳиндистонлик тадбиркор Гаутам Аданининг учта компаниясига қарийб икки миллиард доллар сармоя киритди, ундан сал аввалроқ эса мамлакатлар савдо соҳасидаги ҳамкорлик ҳақида келишиб олганди. Abu Dhabi Development Holding Company инқирозли иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш чораси сифатида Миср корхоналаридаги улушларини кўпайтирди.
Абу-Дабида сиёсат ва бизнес кесишган яна бир яққол нуқта —сунъий интеллект ва булутли ҳисоблашлар билан шуғулланувчи Group 42 компанияси бўлиб, у Амирликлар тарихида биринчи марта Исроилда ўз бўлинмасини очди ва қурол экспорт қилувчи маҳаллий давлат компанияси — Rafael Advanced Defence Systems билан ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолади.
«Шайх Тахнун ҳар қандай мураккаб миссиянинг ишончли координаторига айланди, — деди сиёсий рисклар бўйича Eurasia Group консалтинг компанияси Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўлинмаси раҳбари Айҳам Комил. — Яқинда қўлга киритган ютуқлари уни Муҳаммад ибн Зайд ва умуман Абу-Даби учун фавқулодда фойдали шахсга айлантириб қўйди».
Изоҳ (0)