АҚШ Давлат департаменти Тайванга 180 миллион долларлик М136 Волcано танкка қарши масофавий тизимларни сотишни маъқуллади. Бу ҳақда Ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бошқарманинг Twitter саҳифасида хабар қилинди.
«Давлат департаменти Тайванга 180 миллион долларлик Волcано танкка қарши тизимларини сотиш бўйича сўровни маъқуллади», — дейилади департамент баёнотида.
Пентагоннинг хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик агентлиги баёнотида айтилишича, қуролларнинг Тайванга сотилиши қонунга мувофиқ ва Вашингтоннинг миллий хавфсизлик манфаатларига мос келади.
«Таклиф этилаётган сотув харид қилувчининг хавфсизлигини оширишга ёрдам беради, шунингдек, минтақада сиёсий барқарорлик, ҳарбий мувозанат ва иқтисодий тараққиётни сақлашга кўмаклашади», — дейилади баёнотда.
АҚШ ҳукумати бу қарор ҳақида Конгрессни расман хабардор қилган. Агар келишув тасдиқланса, Northrop Grumman ва Ошкош корпорацияси асосий пудратчилар бўлади.
Аввалроқ Хитой АҚШ президенти Жо Байден томонидан имзоланган АҚШнинг 2023 йилги мудофаа бюджетини танқид қилганди. Хитой расмийларининг айтишича, ҳужжатдаги Тайванга нисбатан «ягона Хитой» тамойилини бузувчи қоидалар уларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Изоҳ (0)