NASA олимлари Марсда энергия манбайи сифатида фойдаланишга етарли шамол бўлиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда Nature Astronomy журналида чоп этилган мақолада айтилади.
Қизил сайёрадаги шароитларни моделлаштириш учун тадқиқотчилар дастлаб Ердаги иқлимни ўрганишга мўлжалланган иқлим моделини бунга мослаштирди. Қуёш радиациясининг миқдори, атмосферадаги чанг миқдори, географик рельеф каби омиллар ҳисобга олинди, бу эса сайёра юзасининг турли қисмларида шамол тезлигини аниқлаш имконини берди.
Маълум бўлишича, Марснинг кўплаб минтақаларида шамол энергиясини ишлаб чиқаришга ҳисса қўшиш учун етарлича кучли шамоллар мавжуд ва айрим ҳудудларда шамол кучи ягона энергия манбайи бўлиб хизмат қила олиши ҳам мумкин. Бу ҳудудларга кратерлар ва вулқон тоғлари, шунингдек, шамоли қуёш панелларидан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарадиган музли жойлар киради.
Муаллифлар ёзганидек, шамол энергияси, айниқса, ўрта кенгликларда қуёш энергиясининг кунлик ва мавсумий пасайиши ўрнини тўлдиради. Турбиналар электроэнергия ишлаб чиқаришни барқарорлаштиради ва шу тариқа Марс юзасида инсоният миссиясига ёрдам беради.
Изоҳ (0)