Исроил фаластинлик адвокат Салоҳ Ҳамурини террорчилик фаолиятига алоқадорликда айблаб, Францияга депортация қилди, деб хабар бермоқда Al Jazeera.
Франция фуқаролигига эга бўлган Ҳамури март ойидан бери маъмурий ҳибсда сақланаётган эди — бу Исроил ҳукуматига гумонланувчиларни айбловсиз ва уларга қарши далилларсиз ҳам бир неча ойлар давомида ҳибсда сақлаш имконини берадиган усул. Адвокат ўзига қўйилган барча айбловларни рад этди.
Ҳамури Фаластинни озод қилиш халқ фронтига яқин бўлгани учун террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. У 2021 йил октябрь ойида Исроил томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилинган Фаластиннинг Аддамеер инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва бошқа кўплаб ноҳукумат ташкилотларида ишлаган.
Исроил ички ишлар вазири Аелет Шакед 2021 йил октябрь ойида Ҳамурининг Қуддусда яшаш ҳуқуқини бекор қилганди.
Исроил даъвосига кўра, Ҳамурининг ўзи Исроил, АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида рўйхатга олинган Фаластинни озод қилиш халқ фронти аъзоси, бироқ бу айбловлар ҳақида ҳеч қандай очиқ далиллар келтирмаган.
Изоҳ (0)