18 декабрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Япония урушидан кейин 30 йил давомида ўрмонда партизанлик қилган аскар, Охота денгизида чўкиб кетган «Кола» бурғилаш платформаси ҳамда ҳокимият тепасига келган «КХДРнинг абадий президенти»га оид фактлар ўрин олган.
Урушдан кейин ҳам 30 йил ўрмонда партизанлик қилган «сўнгги самурай»
1974 йил 18 декабрь куни Индонезиянинг Моротай оролида Иккинчи жаҳон урушининг охирги аскари — тайванлик Теруо Накамура қўлга олинган. У Япония таслим бўлганини билмаган ҳолда «ўз уруши»ни шунча йил давомида давом эттириб келганди.
Накамур 1943 йилда армияга чақирилган, 1944 йилда эса Япония томонидан босиб олинган Индонезиянинг Моротай оролига бориб қолган. Шу йилнинг сентябрида оролга иттифоқчилар қўшинлари ташланган ва ҳудуд бир ой ичида японлардан қайтариб олинганди. Оролдаги 500 дан ортиқ аскар Моротай жангида ҳалок бўлган, қолганлари асирга тушган. Накамура каби бир неча аскар жунгли ўрмонларида яширинишга муваффақ бўлган. Кейинчалик унинг эслашича, командири унга таслим бўлмасдан, охирига қадар жанг қилишни буюрган.
Бир неча ой ичида Моротайда партизанлар деярли қолмаган. Қай бирлари касаллик ва очликдан вафот этган бўлса, қолганлари иттифоқчилар томонидан ушланган, баъзилари ўзлари таслим бўлган. Таркибида Накамура бўлган кичик бўлинма барча қийинчиликларга чидаган ҳолда буйруқни бажаришни давом этган. 1945 йил сентябрда орол узра Япониянинг таслим бўлгани тўғрисида варақалар сочилган. Накамура унга ишонмаган ва жанг қилишни давом этган. 1956 йилда тайванлик ўзининг япон қуролдошларидан ажралиб қолиб кетган.
Бардошли аскар Робинзон каби яшашни давом этган — у ўзига кулба қурган, кичик томорқага қараган, қушларни тутган, бананлар билан озиқланган, ой фазаларига қараб вақтни аниқлаган. Тутун билан душманни жалб этмаслик учун овқатни кечалари пиширган. Ўнлаб йиллар давом этган бундай ҳаёт тарзи Накамурани бутунлай ўзгартириб юборган, у кийимлари титилиб кетганидан яланғоч юришни бошлаган. Шу билан бирга, ўрмонда топиб олган америкаликлар курткасини сақлаб, ундан адёл сифатида фойдаланган. Накамура 30 йил давомида ўз милтиғи ва бешта патронини асраб-авайлаб келган.
«Мен омон қолиш учун яшардим. Тирик эканимни англашимгина менга куч берарди. Омон қолиш менинг ягона мақсадим эди, бу бутун вақтимни оларди», — дея эслайди Накамура.
Теруо Накамурани нормал ҳаётга қандай қайтгани бўйича иккита версия бор. Улардан бирига кўра, аскар узоқ вақт Баиколи исмли маҳаллий аҳоли билан мулоқотда бўлган, у эркакни егулик ва бирламчи воситалар билан таъминлаб келган. Баиколи Накамура каби инсон борлигини сир сақлаб келган, унинг ўлимдан кейин эса ўғли аскарнинг ҳолидан хабар олиб турган. Бошқа версияга кўра, Накамуранинг чайласини ҳаводан пайқаб қолишган. Бошқа маълумотларга кўра, маҳаллий қишлоқ аҳолиси жунглида яшовчи ёввойи жонзотдан шикоят қилган.
Индонезияликлар японлар билан Накамурани қандай қўлга олиш тўғри бўлиши бўйича маслаҳатлашган. Эркакнинг бошпанаси аниқланиб, императорга содиқ 55 ёшли аскар япон мадҳияси ва Япония императорлик байроғи ёрдамида тузоққа туширилган. Аскар омон қолгани учун кечирим сўрамаган, бироқ 1945 йилдаги биргина хатоси сабаб (уруш тугагани тўғрисидаги хабарни душман тараф пропагандаси деб ўйлаган) умрининг 30 йиллигини йўқотганини алам билан тан олган.
Хитой тасарруфига ўтган Тайван оролига қайтган Накамура ота-онаси вафот этиб кетганидан, хотини эса бошқага турмушга чиққанидан, гўдаклигида қолган ўғли эса тўрт нафар боланинг отасига айланганидан хабар топган. Япония ҳукумати аввалига собиқ аскарга пенсия тўлашдан бош тортган, аммо жамоатчилик босимидан кейин Накамурага товон тўланган. Тайван ҳукумати томонидан ҳам унга нафақа белгиланган. Теруо Накамура бу пулларга ўзига кичикроқ уй сотиб олган.
Япон императорлик армиясининг охирги аскари оддий ҳаёт кечирган. 1979 йилда 60 ёшида ўпка саратонидан вафот этган. Моротай оролида Накамурага атаб ҳайкал ўрнатилган.
«Кола» нефть платформасининг фожиаси
2011 йил 18 декабрь куни Охота денгизида «Кола» бурғилаш платформаси чўкиб кетган — бу вақтда унинг бортида 67 киши бор эди. Экипажнинг 14 нафаригина омон қолган. Нефтьни қазиб чиқаришга мўлжалланган қурилмани иккита кема янги иш жойига тортган, бироқ тўфон сабабли у ағдарилиб кетган. Кейинчалик, компания хавфсизлик чораларини эътиборсиз қолдириб, платформани тақиқланган мавсумда жўнатгани маълум бўлган.
«Кола» ўзи кўтарилар сузувчи бурғилаш ускунаси 1985 йилда Финляндиянинг «Раума репола» кемасозлик компанияси томонидан қурилган бўлиб, у нефть тортишга мўлжалланган. Платформага «АМНГР» компанияси эгалик қилган. Ускуна узоқ қиллар Кола кўрфазида ишлаган, кейин эса Сахалинга ижарага берилган, шундан кейин Магадан денгиз савдо портига етказилган.
2011 йил 11 декабрь куни платформа Камчаткадан Сахалинга юборилган — уни «Магадан» ледоколи ва «Нефтьгаз 55» шатакчи кемаси тортиб кетган. Орадан беш кун ўтгач об-ҳаво ёмонлашган. Тортувчи кемалардан бири манзилга тезроқ етиб олиш учун тезлигини оширган.
Натижада ўрнатиш корпусининг ташқи томонида ёриқлар юзага келган. Экипаж платформага эгалик қилувчи компанияга содир бўлган ҳолат бўйича ҳисобот берган ва кемани барқарорлаштириш ва шўнғиш режимига ўтиш учун таянч устунларини туширишни сўраган. Бироқ «АМНГР» буни тақиқлаган.
18 декабрь куни соатига 25 метр тезликда эсган шамол ва баландлиги 4-5 метрга етган тўлқинлар «Кола» ўзи кўтарилувчи бурғилаш ускунасининг тумшуқ қисмидаги таянчларни узиб ташлаган. Балласт цистерналар чўка бошлаган, сув ўтказмайдиган қопламалар герметиклиги бузилган. Машина бўлмасига кираётган сувни насослар чиқаришга улгурмаган ва кема чўкишни бошлаган.
Бир суткадан кейингина «АМНГР» таянч устунларни туширишга рухсат берган, аммо оғиш туфайли буни амалга ошириб бўлмаган. Охота денгизининг ўртасида жойлашган «Кола»дан ҳалокат сигнали раҳбарият тақиқлаганига қарамай соат 09:24 етиб келган. Унинг бортида 67 киши бор эди.
Орадан уч соат ўтгач «Кола» бир томонга оғиб, чўкиб кетган. Бу вақтда энг яқин қуруқлик 200 километр узоқликда эди. Платформани тортиб кетаётган экипаж ўз ҳамкасбларини қутқаришга тушган — 14 киши омон қолган. Тўфон қолганларни қидириб топиш ишларини қийинлаштирган. Кейинроқ қутқарув операциясида «Авиашелф» компаниясининг иккита «Ми-8» вертолёти ва Тинч океани флотининг «Ил-38» самолёти жалб этилган. Аммо бирор кимни тирик топишнинг имкони бўлмаган.
19 декабрь куни ҳодиса жойига Россия ФВВнинг «Ан-74» самолёти етиб келиб, бир неча соат давомида йўқолган экипажни қидириш бўйича ҳаво разведкасини амалга оширган. Қутқарувчилар яна тўрт кун давомида қидирув ишларини олиб борган, Охота денгизига катта циклон яқинлашиб келаётгани боис ишлар тўхтатилган. Натижада 17 кишининг жасадини топишга муваффақ бўлинган. Яна 36 киши 2012 йил 27 йилга қадар бедарак йўқолган ҳисобланган — кейин суд уларни вафот этган деб топган.
Фожиадан кейин «Эҳтиётсизлик сабаб икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган ҳаракатланиш хавфсизлиги ва денгиз транспортидан фойдаланиш қоидаларини бузиш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов шатакчилар мураккаб об-ҳаво шароитини инобатга олмаган дея ҳисоблаган.
Тергов ишлари 2012 йил майда якунланган. 2015 йилда Мурманск суди «АМНГР»нинг икки раҳбарига, собиқ бош муҳандиси Леонид Бордзиловский, шунингдек, хавфсизлик бўйича собиқ бош директор Борис Лихванга айблов эълон қилган. 2017 йил 3 май куни Мурманскнинг Первомайск суди компаниянинг босиқ раҳбари Борис Лихван ва Леонид Бордзиловскийни 6 йилга озодликдан маҳрум этган.
«КХДРнинг абадий президенти»
1945 йил 17 декабрь куни Ким Ир Сен Корея Коммунистик партияси Шимолий Корея Ташкилий бюроси раиси этиб тайинланган эди. Дунёдаги энг қаттиқ диктатураларда бирининг асосчиси қандай қилиб ҳокимият тепасига келиб қолганини қуйида баён қиламиз.
Партизанларнинг жасур командири, япон босқинчиларига қарши курашган Ким Ир Сен тасодифан коммунистик КХДРнинг раҳбарига айланиб қолган: аслида совет раҳбарияти унинг номзодини бирлашган Корея ҳарбий вазири лавозимига кўриб чиққан. Кимнинг ўзи, қизиқки, ҳокимият учун армияни тарк этишга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилган. «Мен полкка, кейин дивизияга боришни истайман, бу нега керак? Мен уни умуман тушунмай ва шуғулланишни истамайман», — деган у.
Шу боис Ким Ир Сен Шимолий Корея ҳукумати тепасига деярли тасодифан, қарийб ўз хоҳишига қарши келиб қолган. СССРда КХДРнинг бўлажак раҳбарини яхши танишган — у Қизил армия таркибида японларга қарши курашган, советларнинг ордени билан тақдирланган. Ўғли Ким Чен Ир ҳам СССР ҳудудида дунёга келганди, уни ёшлигида Юра деб чақиришган.
Ким Ир Сен узоқ вақт давомида мустақил раҳбар бўлмаган, унинг нутқларини совет ҳарбий маслаҳатчилари ёзган, совет сиёсати йўналишида ҳаракат қилган. Таъкидланишича, Ким Ир Сен икки Кореянинг бирлашувини хоҳлаган шахслардан бири бўлган. Аммо у бунга эриша олмаган ва Корея урушидаги мағлубиятдан кейин омад сабаб ҳокимиятга эга чиққан.
Аммо сулҳ унга мамлакат шимолий қисмида ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш имконини берган, бу ерда у ўз мухолифати ва сиёсий рақибларини йўқотган. Шунингдек, у секин-аста ҳам совет, ҳам хитойлар таъсиридан қутулган.
Иосиф Сталиннинг ўлими ва Никита Хрушчёв СССР раҳбари этиб тайинлангач, КХДР билан муносабатлар сезиларли ўзгармаган. Шу билан бирга, 1950 йиллар охирига келиб КХДР иқтисодиёти қўшни Хитойга яқинлаша бошлаган. 1962 йилда Даманский ороли сабаб СССР ва Хитой ўртасидаги чегара можаросидан кейин Ким Ир Сен Мао Цзэдун билан янада яқинлашган.
Ким Ир Сеннинг ҳукмронлиги КХДРни қамал қилинган қалъага ва раҳбарнинг шафқатсиз шахсига сиғиниш ўрнатилган чинакам тоталитар давлатга айлантирган.
СССРдаги «қайта қуриш»дан кейин Ким Ир Сен ва совет раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Ким Ир Сен Михаил Горбачёвни «яқин дўстим» деганига қарамай, бу шунчаки хушмуомалаликдан бошқа нарса эмасди. Фуқароларнинг ҳатто шахсий ҳаётини назорат қилган КХДРга советларнинг сиёсати ёқмасди.
КХДР СССР ташқи ишлар вазири Шеварднадзенинг ёрдамчиси Теймураз Степановда тушкун таассурот қолдирган: «Кўп қаватли қутилар ёқимли рангга бўялган. Аммо кўчалар бўйлаб уларнинг ёнидан ўтар ва деразаларга боқар экансан, ёрқин ҳаёт йўқлигидан қўрқувга тушасан», — деб ёзганди у «Кўз ўнгимизда ўзгарган дунё» китобида.
Ким Ир Сен ҳаётлигида ўз шартларига кўра Кореянинг бирлашувини кўра олмади. Ўлимидан кейин унинг жасади мавзолейга жойлаштирилган бўлиб, мамлакатга ташриф буюрган ҳар қандай меҳмон учун уни зиёрат қилиш ўзига хос мажбурий анъанага айланган. 1997 йил июлда КХДРнинг собиқ раҳбари хотирасига янги йил ҳисоби жорий этилган, Ким Ир Сеннинг ўзи «КХДРнинг абадий президенти» дея эълон қилинган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)