Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Тошкент шаҳрида бугунги кунда мавжуд автобуслар йўловчиларни ҳаддан ташқари юклама билан ташимоқда, бекатларда одамларнинг кўп миқдорда тўпланиб қолиши қайд этилмоқда, йўналишларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмагани эса одамларнинг манзилларга кечикишига олиб келмоқда. Шу сабабдан ҳам пойтахтда йўловчилар ташиш самарадорлигини ва автобус паркининг техник шайлигини ошириш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

Пойтахт автобус паркларининг ҳаракатланувчи таркибини кўпайтириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

  • Янги автобуслар харид қилиш (138 дона) ҳисобига паркларнинг ҳаракатланувчи таркибини кўпайтириш таъминланди.
  • Пойтахтдаги 8 та автобус паркининг транспорт воситалари (1 374 дона) техник ҳолати тўлиқ текширувдан ўтказилди (ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ кўмагида).
  • 259 та автобус капитал таъмирлашга юборилди (32 таси таъмирланди, қолган 227 таси 2022 йил якунига қадар таъмирдан чиқарилади). Ушбу мақсадларда 742 та автошина ва 280 та аккумулятор, 259 та автобусни ўртача таъмирдан чиқариш учун 530 та бутловчи буюмлар харид қилинди.
  • Ушбу тадбирлар, шу жумладан, таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун пойтахт маҳаллий бюджетидан 5 млрд сўм ажратилди.
  • Транспорт вазирлиги ва SamAvto ўртасида аввалроқ тузилган келишувга мувофиқ, янги автобусларни етказиб бериш бошланди (2022 йил охирига қадар 50 та автобус етказиб берилади).
  • Автобус паркларини янги автобуслар билан таъминлаш ва уларни қўшимча қурилмалар (GPS трекерлар, контактсиз тўлов валидаторлари, видеокамералар ва видеони қайд этиш қурилмалари) билан жиҳозлаш бўйича график тузилди.
Бундан ташқари, автобуслар етишмовчилиги вазирликлар ва идоралар, давлат ва хусусий корхоналар автобусларини жалб қилиш ҳисобига вақтинча компенсация қилинди. Жами 204 та автобус қўшимча ажратилди. Ушбу чоралар йўловчилар ташиш самарадорлигини ошириш, автобусларнинг қатнов оралиғини қисқартириш, шунингдек, аҳолининг жамоат транспортидан норозилик даражасини пасайтириш имконини беради.Ҳайдовчилар таркибини бутлаш

Пойтахт автокорхоналарининг автобус парклари ўсиши туфайли ҳайдовчиларнинг вакант лавозимлари сезиларли даражада ортиб, ҳозирги пайтда 700 тани ташкил қилмоқда. «Тошшаҳарйўловчитранс» АЖ раҳбариятига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Тошкент шаҳри ИИББ ва ИИВ ЙҲХББ томонидан комплекс чора-тадбирлар режалаштирилиб, амалга оширилмоқда. Унга кўра, хусусан, маълумотлар базаларидан «Д» тоифасига эга бўлган ҳайдовчилар саралаб олиниб, «Тошшаҳарйўловчитранс» АЖ автокорхоналарига ишга таклиф қилинмоқда.

Ҳозирги пайтда ҳайдовчилик лавозимига номзодларни (жами 2 425 нафар) саралаш (суҳбатлар ўтказиш, уларнинг малакасини, шу жумладан, йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимларини текшириш, шунингдек, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш) давом этмоқда. Саралаш натижаларига кўра ҳар куни 50–70 нафар ҳайдовчи ишга қабул қилинаяпти. Бугунга қадар 141 нафар ходим ишга олинди.

Б ва C тоифасига эга бўлган энг истиқболли номзодлар Д тоифасини олиш учун 105 кунлик малака ошириш курсларига юборилмоқда. Жами 702 нафар ҳайдовчини тайёрлаш режалаштирилган.

Янги турар жой туманларига автобус йўналишларини ташкил қилиш

Пойтахт аҳолисининг ўсиши, янги турар жой мажмуаларининг барпо этиши ҳисобига Тошкент шаҳрининг кенгайиши, шаҳарга Тошкент вилоятидан қўшимча ҳудудларнинг қўшиб берилиши мавжуд автобус йўналишларини ва автобуслар сонини кўпайтириш ҳамда уларнинг ҳаракат оралиғини қисқартириш заруратини юзага келтирди.

Ҳозирги пайтда шаҳарда 148 та йўналиш бўлиб, шундан 34 таси ўта катта юклама билан ишламоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 21 та янги йўналиш ташкил қилиш мўлжалланмоқда.

Автобус йўналишлари билан қамраб олинмаган йўналишлар ва туманлардаги ҳолат бўйича ўтказилган таҳлиллар натижаларига кўра, энг юқори юкламага эга йўналишларда автобуслар сонини кўпайтириш учун катта сиғимга эга автобусларни қайта гуруҳлаштириш чоралари кўрилди. Бунинг натижасида уларда автобуслар ҳаракати оралиғи қисқариб, йўловчи ташиш ҳажми ортиши кутилмоқда.

Юқори юкламага эга йўналишларни тўлдириш учун юборилган автобуслар ўрнига янгиларини харид қилиш ҳамда вазирлик ва идоралардан вақтинча ижарага олиш ҳисобига кичик сиғимга эга автобуслар йўлга қўйилмоқда. Янги ташиш йўналишларини аниқлаш мақсадида шаҳарнинг ҳар бир туманида қўшма ишчи гуруҳлар ташкил қилинди. Улар йўллардаги ҳолатни таҳлил қилмоқда, аҳолининг эҳтиёжини ўрганиб чиқмоқда, шунингдек, янги йўналишларни ишлаб чиқмоқда.

Корхоналар инфратузилмасини такомиллаштириш

Шаҳар йўловчи транспорти ишининг самарадорлигини таъминлашда автобус паркларининг замонавий инфратузилмаси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур объектларнинг жорий ҳолати таҳлиллари шуни кўрсатдики, улар замонавий талабларга мутлақо жавоб бермайди.

Хусусан, корхоналарда автобусларга техник хизмат кўрсатиш линиялари, ёнилғи қуйиш станциялари ва ёнилғи-мойлаш материаллари омборлари мавжуд эмас, борлари ҳам маънан эскирган. Улар, шунингдек, автобусларга тезкорлик билан ёнилғи қуйиш бўйича қўйилаётган вазифалар ҳажмига дош беролмаяпти. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича мавжуд пунктлар ҳаракатланувчи таркибга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажариш учун зарур ускуналар ва техник воситаларга эга эмас.

Ювиш ва техник кўрик пунктлари замонавий талабларга мос келмайди, улар ўтган аср талаблари даражасида жиҳозланган. Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга инструктаж ҳамда малака ва касбий билимларини ошириш бўйича машғулотлар ўтиш учун шарт-шароитлар бирорта автокорхонада ҳам бутунлай мавжуд эмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, ижтимоий-маиший шарт-шароитлар, хусусан, ҳайдовчиларнинг хордиқ чиқариши учун хона, санузеллар, душ хоналари йўқлиги ҳам қайд этилди. Ҳайдовчилар таркибининг автокорхоналар ҳудудида овқатланиши масаласи бутунлай эътибордан четда қолган. Чунки ҳайдовчиларнинг иш вақти тонг саҳар 5:00 да бошланиб, тахминан 23:00 да тугайди.

Ижтимоий ҳимоя

Ҳайдовчилар таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига деярли аҳамият берилмагани яққол маълум бўлди. Йиғилиб қолган кўплаб муаммолар, шу жумладан, муносиб иш ҳақи, дам олиш учун шарт-шароитлар яратиш, моддий нормативлар ва имтиёзларни белгилаш каби масалаларни ўрганиш бўйича алоҳида ишчи гуруҳ ташкил қилинди.

Пойтахтнинг йўл инфратузилмасини ривожлантириш

Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети ҳисобидан молиялаштиришни таъминлаган ҳолда кўчаларни қисмларга ажратиб реконструкция қилиш орқали 36 та транспорт йўлагида умумий узунлиги 475 км бўлган шаҳар жамоат транспорти учун алоҳида ажратилган йўлларни ташкил қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарур.

Шунингдек, ўтказиш ва ташиш ҳажмларини ошириш учун чорраҳаларда (жами 435 та), хусусан, жамоат транспорти учун муаммоли участкаларда реконструкция ишларига эътибор қаратиш лозим (иккала йўналишдаги тадбирлар учун 2023–2025 йилларда тахминан 1,9 трлн сўм).

Бунда автобус бекатларини зарур хавфсизлик даражаси ва улардан фойдаланиш имкониятларини, шу жумладан, транспортнинг бир туридан бошқасига алмашиш учун шарт-шароитлар яратиш, такси йўловчиларини тушириб-чиқариш учун алоҳида ажратилган жойлар барпо этилишини таъминлаш, ҳаракатланиши қийин бўлган йўловчилар учун тўсиқсиз муҳит яратишни инобатга олган ҳолда реконструкция қилишга аҳамият қаратиш талаб этилмоқда (2023 йилда 260 та бекат).

Метро линияси билан боғлиқ йирик транспорт алмашинув тугунларини реконструкция қилиш масаласини ҳам ҳисоб олиш керак (жами 10 та). Бунда пойтахт маҳаллий бюджетидан маблағлар ажратилади.

АКТни жорий қилиш

Ҳозирги пайтда пойтахт йўловчи ташиш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишлар бошланган. Хусусан, барча йўналишлардаги аҳволни, автобуслар ҳаракати ва бузилиб қолиши, улар ҳаракатидаги оралиқ масофа ва бошқа масалалар устидан назорат қилиш имконини берувчи ягона компьютерлаштирилган диспетчерлик пункти ташкил этилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
Туркманистон Ўзбекистонга текинга газ етказиб беради 
Маҳаллий
Тошкентда кўприк устидаги “Газел” ёниб кетди (видео)
Бизнес
Россиядан Осиёга кўмир экспорти нархи ошгани маълум қилинди