АҚШ конгрессменлари демократ Стивен Коэн ва республикачи Жо Уилсон Конгресснинг Вакиллар палатасига АҚШ президенти Жо Байденни Россияни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолигидан чиқариб ташлашга чақирувчи резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда Foreign Policy тегишли ҳужжатга таяниб хабар берди.
Резолюция матнида қайд этилишича, Россия Украинадаги хатти-ҳаракатлари билан БМТ Низомини бузди, бу эса унинг Хавфсизлик Кенгашидаги ўринни эгаллаш ҳуқуқини шубҳа остига қўяди.
Нашрнинг қайд этишича, резолюция мажбурлаш кучига эга эмас ва Оқ уй учун фақат тавсия ҳисобланади.
Аввалроқ АҚШ маъмурияти Ғарбнинг Украинадаги уруш билан боғлиқ чақириқларига қарамай, Россияни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари рўйхатидан чиқариб ташлашнинг иложи йўқлигини бир неча бор тан олган.
Украина президенти Владимир Зеленский 28 июнь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида видеоалоқа орқали сўзлаган нутқида Россияни кенгашдан чиқариб юбориш, шунингдек, уни «террорчи давлат» деб тан олишга чақирганди. Унга жавобан БМТ Бош ассамблеяси президентининг расмий вакили Полина Кубиак бундай қарорни қабул қилиш мумкин эмаслиги, чунки Россия кенгашда вето ҳуқуқига эга эканини айтган.
Изоҳ (0)